18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун (+видео)
Бугун мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитети рамзи – байроқ қабул қилинганининг 35 йиллиги нишонланмоқда.
Байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқда мустақиллик, озодлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Хусусан, аждодларимиз юрт байроғини муқаддас билиб, уни ардоқлаганлар, кўз қорачиғидек сақлаганлар.
Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биносида унга аъзо бўлган 193 мустақил давлат қатори Ўзбекистоннинг ҳам байроғи ҳилпираб турибди. Аслида ҳар бир байроқнинг ўз тарихи, у мансуб бўлган юрт суръатию сийратига монанд қиёфаси бор.
Байроғимиздаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги ўзига хос маънога эга. Ундаги мовий ранг куч-қудратни, тинчлик ва барқарорликни ўзида акс эттиради. Оқ ранг поклик, беғуборликни ифодалаб келган. Яшил ранг эса, яшариш ва янгиланиш рамзи, шунинг баробарида она табиатимиз, асрий қадриятларимиз, иймон-эътиқодимиз тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар томиримиздаги аждодлар қони – мангулик нишонасидир.
Тарихимизда ҳукм сурган турли сулолалар, давлатлар ҳам ўз байроқларига эга бўлган. Масалан, қадимги Кўктурк хоқонлиги, Амир Темур давлати байроғи мовий, қадимги аждодларимиз бўлган хунларнинг байроғи оқ, Ғазнавийлар давлати, Қўқон хонлиги байроқлари яшил, Туркистон мухторияти байроғи кўк ва қизил рангларда эди. Бинобарин, байроғимизни қабул қилишда, унда муайян рангларни белгилашда тарихий анъаналаримизга алоҳида урғу берилган.
Ҳилол ва юлдузлар давлат байроқларида жуда кенг тарқалган белгилар саналади. Бу рамзлар ўзбек давлатчилиги тарихидаги кўпгина давлат байроқларида ўз аксини топган. Ўзбекистон байроғидаги ярим ой ва ўн икки юлдуз ҳам ўзига хос мазмун-моҳият касб этади.
Қадимдан осмонда янги ой кўринганда яхши ниятлар билдириш кўпгина туркий халқларга хос ҳисобланади. Ҳилол эзгулик, орзу- умидлар, умрбоқий анъаналар ва Ислом дини тимсолидир. Кўҳна Шарқда қадимдан ўн икки рақами мукаммалликни, комилликни англатиб келган. Ўн икки ой, ўн икки бурж... "Темур тузуклари"да ёзилишича, Соҳибқирон ўз салтанатини ўн икки тоифадаги кишилар билан мустаҳкамлаган, давлат бошқарувида ўн икки тамойилга қатъий амал қилган. Азалдан ўн икки ёшга тўлган гўдак бир мучал яшаган, балоғатга етган ҳисобланади.
Яқин тарихимизга назар соладиган бўлсак, ҳали собиқ тузум пайтидаёқ, 1990 йилнинг март ойида ўтган парламент сессиясида юртимизнинг давлат рамзлари ҳақидаги масала муҳокама қилинган эди. Ўша йилнинг 20 июнь куни қабул қилинган Мустақиллик декларациясида ҳам Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини ўзи белгилаши, байроқ, герб, мадҳия сингари рамзларни ўзи таъсис этажаги қайд этилди.
Ватанимиз мустақилликка эришган дастлабки паллада 1991 йилнинг 18 ноябрида Давлат байроғи тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунга кўра, байроғимиз давлат суверенитетининг рамзига айланди.
Мустақил давлатнинг рамзлари кўп, аммо уларнинг ҳеч бири миллатни, халқни давлат байроғи каби жаҳон аҳлига танита олмайди. Бизнинг байроғимиз ўтган ўттиз беш йил мобайнида Ўзбекистонни жаҳон аҳлига танитиб улгурди. Дунёда Ўзбекистон деган мамлакат, турли миллат ва элатларни ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатлик байроғи остида бирлаштирган давлат борлигини маълум қилди.
Бугун давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолига айланди. Мана шу эрк туйғуси баланд кўтарилган кун барчамизга муборак бўлсин!
Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА