Рақамли даврда китобхонлик маданияти муҳокама қилинди
Бухоро ахборот-кутубхона марказида «Кутубхона – мутолаа ва тафаккур маркази: рақамли даврда китобхонлик маданиятини ривожлантириш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси Марказий кўзи ожизлар махсус кутубхонаси, Ўзбекистон Миллий архиви ҳамда ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари иштирок этди.
Мулоқотда рақамли технологиялар жадал ривожланаётган шароитда китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Анъанавий мутолаани рақамли имкониятлар билан уйғунлаштириш, кутубхоналар фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Давра суҳбатида кутубхона фондларини марказлаштирилган депозитар сақлаш тизимини ташкил этишнинг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асослари муҳокама қилинди. Ўзбекистон кутубхоналар консорциумини тузиш истиқболлари, рақамли ахборот ресурсларини шакллантириш ва улардан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, ахборот-кутубхона муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, фондларни самарали бошқариш ва китобхонларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
[gallery-32562]
Таъкидланганидек, замонавий кутубхоналар аҳолининг ишончли ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, мутолаага қизиқишини кучайтириш ва маънавий дунёсини бойитишда муҳим ўрин тутади. Рақамли ресурслар ва электрон хизматларни ривожлантириш эса уларнинг имкониятларидан кенг фойдаланишга шароит яратади.
Тадбир иштирокчилари соҳадаги мавжуд тажрибалар билан ўртоқлашиб, ахборот-кутубхона хизматларини такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА