Бир байроқ остида бирлашган юрт
Баъзан бир сурат бутун бир халқнинг қувончи, орзу ва интилишларини ифода этади. Унда сарбаланд ҳилпираётган байроқ, унга ҳавас билан боқаётган бола ёки ғалаба шоҳсупасида кўзларига ёш олган спортчи акс этган бўлиши мумкин. Бу манзараларни бирлаштирувчи туйғу эса битта – Ватанга муҳаббат.
ФОТОГАЛЕРЕЯ
Ўзбекистон байроғи ҳар биримиз учун қадрли. Уни олис юртда кўрсак, кўнглимизга яқинлик ҳисси киради. Халқаро майдонда баланд кўтарилса, ғурурланамиз. Фарзандларимиз қўлида кўрсак, уларнинг келажагига бўлган ишончимиз янада ортади.
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун. Бу сана арафасида юртимиз бўйлаб ўтказилаётган маърифий тадбирлар, учрашув ва байроқ эстафеталари одамларни эзгу мақсад атрофида жамламоқда. Қўллардаги байроқчалар, юзлардаги табассум ва нигоҳлардаги ифтихор байрамга ўзгача шукуҳ бағишламоқда.
Байроқни тутиб турган қўллар турлича. Бири – илмга интилган ўқувчиники, бошқаси – умрини эл хизматига бағишлаган нуронийники. Улар орасида талаба, ишчи, устоз, тадбиркор бор. Ҳар бирининг ҳаёт йўли, касби ва орзуси ўзгача. Аммо барчасини шу заминга меҳр, юрт тинчлиги ва равнақига дахлдорлик бирлаштиради.
Давлат рамзига ҳурмат кундалик ишларимизда ҳам ўз ифодасини топади. Ваъдага вафо қилиш, ҳалол меҳнат қилиш, билим олиш, атрофдагиларга эътиборли бўлиш – юртга садоқатнинг оддий ва муҳим кўринишлари. Байроқ остида туриб ҳис этилган ғурур ана шундай амалларда давом этади.
Суратнинг ўзига хос қудрати бор. У шамолда ёйилган матонинг ҳаракатини, бир лаҳзалик ҳаяжонни, нигоҳдаги фахрни сақлаб қолади. Йиллар ўтиб ҳам ўша кадрга боққан киши шу куннинг кайфиятини ҳис этади. Шу боис байроғимиз акс этган ҳар бир суратга диққат билан қараймиз, ундан ўзимизга таниш туйғуларни излаймиз.
[gallery-32580]
Мазкур фотогалерея ҳам ана шундай лаҳзаларни жамлайди. Уларни томоша қилар эканмиз, байроқнинг одамларни бирлаштирувчи кучини, тинч ҳаётнинг қадрини ва шу юрт фарзанди бўлиш масъулиятини яна бир бор ҳис этамиз.
Шавкат Тоҳиров, ЎзА