Оилани асраш – фарзандлар келажагига масъулият
Қорақалпоғистон Республикаси суди ташаббуси билан оилавий ажримларнинг олдини олиш, эр-хотин ўртасидаги муносабатларни тиклаш ҳамда фарзандларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 9 ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича судларда қарийб 15 мингта иш кўриб тамомланган. Уларнинг 3,5 мингдан ортиғи, яъни қарийб 25 фоизи оилавий муносабатлар билан боғлиқ низоларни ташкил этган. Мазкур рақамлар оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш ва оилаларда соғлом маънавий муҳитни сақлашга қаратилган профилактик чора-тадбирларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Тадбирга никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризалари билан судга мурожаат қилган ҳамда ярашиш учун муҳлат берилган эр-хотинлар таклиф этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Керимбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ахмедова, судьялар, хотин-қизлар фаоллари ва масжид имом-хатиблари иштирок этиб, оиланинг муқаддаслиги, ўзаро ҳурмат ва масъулият, фарзандлар тарбияси ҳамда ажримларнинг салбий оқибатлари ҳақида фикр билдирдилар. Шунингдек, иштирокчилар эътиборига “Фарзанд – омонат” номли қисқа метражли фильм намойиш этилди. Унда оилавий келишмовчиликлар ва ажримларнинг фарзандлар руҳияти ҳамда келажагига таъсири ҳаётий воқеалар орқали ёритилди.

Энг муҳими, тадбир давомида олиб борилган тушунтириш ва яраштириш ишлари натижасида 3 та оила ярашди. Бу эса уч оилада ўзаро муносабатларни тиклаш ва фарзандлар учун оила муҳитини сақлаб қолиш йўлидаги муҳим натижа бўлди.
Зеро, оилани асраш фақат никоҳни сақлаб қолиш эмас, балки ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва фарзандлар келажаги учун масъулиятни англаш демакдир.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири