
Таниқли адиб Ўткир Ҳошимов асарлари, улар асосида суратга олинган кино-фильмлар кириб бормаган ўзбек хонадони бўлмаса керак.
Ёзувчи асарлари содда, равон ўқилади, ҳар бир мисраси фалсафий, бадиий жиҳатдан мазмунли, шунинг учун ҳам ўқувчи қалбидан чуқур жой олади.
Мамлакатимизда Ўткир Ҳошимов ижодини кенг ўрганиш, адиб хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2020 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлди.
Ўзбек Миллий академик драма театрида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўткир Ҳошимов ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий-бадиий кеча ўтказилди.
Давлат ва жамоат арбоблари, ёзувчи-шоирлар, адабиёт ихлосмандлари, ёш ижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги тадбирда самимияти баланд адиб ҳаёт йўли, қолдирган бой маданий мероси ҳақида сўз борди.
Театр кириш қисмида Ўткир Ҳошимов асарлари, унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар, санъат асарлари кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир Кинематография агентлиги томонидан давлат буюртмасига асосан ёзувчининг ҳаёти ва ижодига бағишлаб тайёрланган “Чироқ кўтарган одам” номли ҳужжатли фильм намойиши билан бошланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад, адабиётшунос Шуҳрат Ризаев ва бошқалар Ўткир Ҳошимовнинг ҳаёт ва ижод йўллари, адибнинг бадиий асарлари моҳияти, ёш ижодкорларга кўрсатган ғамхўрлигини алоҳида эътироф этди.
[gallery-5157]
– Бундан ярим асрдан кўпроқ вақт илгари улкан адиб Абдулла Қаҳҳор ёш истеъдодли қаламкаш Ўткир Ҳошимовнинг «Чўл ҳавоси» қиссасини ўқиб: «Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади. Шу аланга ҳеч қачон пасаймасин, ижодингиз ҳеч қачон тутамасин!», дея бўлажак ёзувчига ўзининг оталарча хайрихоҳлигини изҳор этган эди, – дейди Сирожиддин Саййид. – Ўткир Ҳошимов оташин ижодий фаолияти билан устозлар ишончини тўла-тўкис оқлади. Шунингдек, ўзидан миллий адабиётимиз ва башарият учун ўлмас мерос қолдирди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтган давр мобайнида Ўткир Ҳошимов ижодини ўрганиш, асарларини кенг оммалаштириш, адиб хотирасини абадийлаштириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда Адиблар хиёбонида таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида Ўткир Ҳошимов ижодига бағишланган кўплаб учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда китобхонлик кечалари ўтказилди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида «Замонавий ўзбек адабиёти ривожида Ўткир Ҳошимов ижодининг ўрни ва аҳамияти» мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилиб, унда «Эл севган адиб: Ўткир Ҳошимов замондошлари хотирасида» номли китоби тақдимоти ҳам ўтказилди. Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги Дўмбиробод маҳалласида Ўткир Ҳошимов яшаб, ижод қилган уйга ёдгорлик лавҳи ўрнатилди.
«Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони» республика кўрик-танлови ташкил этилди. Танловнинг республика босқичи ғолиблари шу йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида муносиб тақдирланди.
Ўткир Ҳошимовнинг асарлари асосида спектакллар саҳналаштириш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилди. Жумладан, Ўзбекистон давлат драма театрида «Дунёнинг ишлари», Ўзбекистон давлат сатира театрида «Ўткир Ҳошимов асарлари асосида ҳажвиёт», Андижон ва Қўқон мусиқали драма театрларида «Тўйлар муборак», Бухоро вилояти мусиқали драма театрида «Тўйлар муборак ёхуд уйланмасам ўламан» номли спектакллар саҳналаштирилди.
Шунингдек, Ўткир Ҳошимовнинг «Танланган асарлар»и турк тилида чоп этилди. Шу билан бирга, Туркиянинг Анқара шаҳридаги “Hece Yayinlari” нашриётида шоир ва таржимон Ҳамза Ўзтуркчи томонидан нашрга тайёрланган «Замонавий ўзбек ҳикоялари» номли тўпламдан Ўткир Ҳошимов асарлари ўрин олди.
Тадбир доирасида Ўзбек давлат драма театри актёрлари ижросида «Дунёнинг ишлари», Қашқадарё мусиқали драма театри жамоасининг «Тўйлар муборак» спектаклидан парча намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов иштирок этди.
Д.МАМАТОВА, ЎзА мухбири