Асарлари ҳаётийлик ва самимиятга йўғрилган адиб
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов асарларининг ҳаётийлиги, оддийлиги, равонлиги ва самимияти, инсон тақдирига оид долзарб мавзуларни ёритгани билан китобхонлар меҳрини қозонган ижодкор эди. Ўзбекистон давлат драма театрида миллий адабиётимизнинг йирик намояндаларидан бири, атоқли адиб, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Ўткир Ҳошимов таваллудининг 85 йиллигига бағишланган адабий-маърифий хотира кечаси бўлиб ўтди.
Маънавий-маърифий тадбир адибнинг серқирра ижодий мероси, ибратли ҳаёт йўли ва миллий сўз санъатимиз равнақига қўшган беқиёс ҳиссасини ёд этиш, унинг асарларида ифода этилган инсонпарвар ғоялар, миллий қадриятлар ва ҳаётий ҳақиқатларни яна бир бор ёдга олишга бағишлангани билан аҳамиятли бўлди.
Адабий тадбирда эътироф этилганидек, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг юксак эътибори ва ғамхўрлиги билан адабиёт ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, улуғ ижодкорларимиз хотирасини абадийлаштириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу файзли анжуман ҳам ана шундай эътиборнинг амалий намоёнларидан бири бўлди.
Ардоқли устозимиз Ўткир Ҳошимовнинг 85 йиллик таваллуд айёмини нишонлашга бағишланган мазкур адабий анжуман юртимизда устоз ёзувчилар ижодини ардоқлаш, уларнинг хотирасини эъзозлаш ва кенг тарғиб этиш борасидаги ибратли саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий намунасидир.
Ўткир Ҳошимов айни вақтда чуқур фалсафий тафаккур эгаси бўлган катта ижодкор эди. Устоз ёзувчининг соф, самимий, беғубор инсоний туйғулар куйланган ўнлаб асарлари ҳозир ҳам севиб ўқилади, қайта-қайта нашр этилмоқда.
Адабий кечада Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад ва бошқалар Ўткир Ҳошимов асарларида миллий руҳ ва инсонийлик устувор ўрин эгаллаши, айни дамда эзгулик, одамийлик, меҳр-мурувват адибнинг ўзига хос инсоний фазилатлари эканини алоҳида таъкидладилар.
Тадбирда адибнинг «Муҳаббат», «Деҳқоннинг бир куни», «Урушнинг сўнгги қурбони», «Ўзбек иши» ҳикоялари, «Одамлар нима деркин?», «Шамол эсаверади», «Баҳор қайтмайди», «Дунёнинг ишлари» каби қиссалари, «Нур борки, соя бор», «Икки эшик ораси» романлари, «Хазон бўлган баҳор», «Тўйлар муборак», «Виждон дориси», «Инсон садоқати», «Қатағон» каби драма ва комедиялари ўз мухлисларига эга экани қайд этилди.
[gallery-31660]
Ўткир Ҳошимов ижодининг миллий адабиётимиздаги ўзига хос ўрни, адибнинг бадиий тафаккури, инсон қалби ва ундаги турфа кечинмаларни юксак маҳорат билан тасвирлаш салоҳияти хусусида батафсил сўз юритилди. Инсон тақдири, умрнинг оқар сув каби ўткинчилиги, эзгуликнинг устуворлиги, виждон, бурч ва ибратли қадриятлар устоз ёзувчи асарларида асосий мавзуларни ташкил этади.
– Ўткир Ҳошимов ўз китоблари, қиссалари, ҳикоялари ва романлари билан халқимизнинг қалбидан жуда чуқур ўрин олган ижодкор эди, – деди филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Баҳодир Карим. – Бугун адибнинг иккинчи бир умри давом этяпти. Унинг китоблари ўқиляпти. Ўткир аканинг «Дунёнинг ишлари» асарини ўқиган китобхон оиладаги парокандалик жуда улкан бир синов эканини теран англайди. Асар жуда самимий, гўзал ёзилган, бу қайсидир маънода автобиографик характерга эга. У адибнинг бошқа кўплаб ижод намуналари каби дунё адабиётига ҳам таржима қилиниб, кўпчиликка тақдим этиш мумкин бўлган асар. Ўткир аканинг «Икки эшик ораси», «Тушда кечган умрлар» каби асарлари қайта-қайта ўқиладиган асарлар сирасига киради. Чунки Ўткир Ҳошимов ҳаётни билган, инсоннинг қалбини билган ёзувчи. Ўзбекистон Миллий университетида ишлаган йилларимда Ўткир Ҳошимов Олий адабиёт курсига келиб, махсус маҳорат сабоқлари ўтгандилар. Мен ўзим талабаларга, бизнинг ўша Олий адабиёт курси тингловчиларига Ўткир аканинг ижодий маҳоратлари, ёзган қайдлари, фикрларини сўзлаб берганман. Ҳозирда катта-катта ижодкорлар бўлган шоир ва ёзувчилар ҳам у кишининг сабоқларини эслашади. Дарҳақиқат, биз Ўткир Ҳошимовни китоблари ўқилавериб титилиб кетган адиб сифатида биламиз, унинг азиз хотирасини ҳурмат билан ёдга оламиз.
Самимий ва ёрқин руҳда ўтказилган адабий-маърифий анжуманда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ижодининг ўзига хос ва бетакрор жиҳатлари, унинг халқимиз маънавиятини ривожлантириш йўлидаги заҳматли хизматлари, фидокорона меҳнатлари ҳаётий мисоллар асосида ёдга олинди.
Хотира кечасининг энг муҳим ва таъсирчан қисмларидан бири – Ўткир Ҳошимов иштирокидаги архив видеолавҳаларнинг намойиши бўлди. Унда адибнинг турли йиллардаги суҳбатлари, адабиёт, ижод, инсон ва ҳаёт ҳақидаги қимматли фикрлари акс эттирилган лавҳалар адабиёт мухлисларига тақдим этилди. Ушбу архив тасвирлари орқали адибнинг инсонийлик фазилатлари, фикр тарзи, ижодкорлик масъулиятига бўлган муносабати яна бир карра намоён бўлди.
Адиб асарлари асосида саҳналаштирилган спектакллар, ёзувчи ҳаётига оид видеолавҳалар намойиш этилди, миллий руҳ билан йўғрилган куй-қўшиқлар ижро этилди.
Адабий кечада Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳкатчиси Хайриддин Султонов сўзга чиқди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурт), ЎзА мухбирлари