Баррак: Ҳурмуз бўғозига муқобил таъминот тизими ишлаб чиқилмоқда
Қўшма Штатлар, Сурия, Иордания, Туркия, Ливан ва Миср Яқин Шарқ минтақасининг Ҳурмуз бўғозига қарамлигини камайтиришга қаратилган муқобил савдо ва энергетика йўналишларини ривожлантириш дастури устида ишламоқда.
Бу ҳақда АҚШ президентининг Сурия ва Ироқ бўйича махсус вакили Томас Баррак маълум қилди. Унинг таъкидлашича, икки йил ичида транспорт йўналишлари ва таъминот занжирларини диверсификация қилишга асосланган “профилактик етказиб бериш” моделига ўтиш режаси мавжуд.
Лойиҳа шунингдек, Туркия, Озарбайжон ва Туркманистон орқали Марказий Осиёга, шу жумладан, Европага газ етказиб бериш учун Ўрта йўлакни ривожлантиришни ҳам кўзда тутади. Баррак ушбу ташаббуслар минтақада савдо ва инвестицияларни кенгайтиришга қаратилган янги иқтисодий тизимни шакллантиришнинг бир қисми эканлигини айтди.
С.Раҳимов, ЎзА