АҚШ Ҳурмуз орқали юк ташишни таъминлаш учун коалиция тузишни таклиф қилди
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг бошқа давлатлар Ҳурмуз бўғозида юк ташишни тиклайдиган янги халқаро коалицияга қўшилиши тўғрисидаги чақириғи янгради. Бу ҳақда "The Wall Street Journal" нашри хабар тарқатган.
"Денгизда эркинлик яратиш" номли бу ташаббус муҳим сув йўли орқали кемалар эркин ўтишини тиклаш мақсадида ахборот алмашиш, дипломатияни мувофиқлаштириш ва санкцияга амал қилишни назарда тутади.
Айни пайт АҚШнинг турли элчихоналарига мактуб юборилиб, дипломатларга хорижий давлатларни коалиция доирасида "дипломатик ёки ҳарбий шерик" сифатида иш юритишга ишонтириш бўйича кўрсатма берилган.
"Сизнинг иштирокингиз ҳудудда ҳаракат эркинлигини тиклаш ва глобал иқтисодиётни ҳимоя қилишга хизмат қиладиган жамоавий қобилиятимизни мустаҳкамлайди", дейилган ҳужжатда.
Таъкидланишича, Давлат департаменти ва Марказий қўмондонлик ҳамкорлигида тузиладиган гуруҳ шу йўлдаги аввалги саъй-ҳаракатнинг давомидир.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий кампанияси бошланиб, кейинчалик Теҳрон томонидан қамал қилинган Ҳурмуз бўғозида айни пайт юк ташиш деярли тўхтаган.
Г.Сатторова, ЎзА