Барқарорлик сари изчил қадам
Аҳолини йил давомида узлуксиз ва хавфсиз табиий газ билан таъминлаш борасида ҳудудларда кенг кўламли модернизация ва таъмирлаш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнлар йилнинг барча фаслларида барқарор таъминотни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жойларда газ маромлаш қурилмалари мукаммал таъмирланиб, доимий равишда тафтишдан ўтказилмоқда. Айни пайтда газ таъминоти тизимини самарадорлигини ошириш мақсадида уч босқичли тизимдан икки босқичли тизимга ўтиш ишлари давом этмоқда.
– Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунга қадар қарийб 10 мингдан ортиқ истеъмолчи ана шу янги, самарали тизимга ўтказилди, – дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Акмал Насретдинов. – Шунингдек, 28 километрдан зиёд газ қувурлари мукаммал таъмирланди. 148 километр ер ости газ қувурлари техник кўрикдан ўтказилиб, уларнинг хавфсизлиги таъминланди, 13 километр қисми эса тартибга келтирилди. Бундан ташқари, 6 та газ маромлаш қурилмаси тўлиқ таъмирланиб, қарийб 60 таси профилактик текширувдан ўтказилди.

Амалий ишлар ҳудудлар кесимида изчил давом этмоқда. Хусусан, Бухоро туманининг Хонабод маҳалласида аҳолига табиий газни хавфсиз, узлуксиз ва муаммосиз етказиб бериш мақсадида ер ости газ қувурини ер устига чиқариш орқали реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар мазкур ҳудудда қарийб бир километр янги газ қувури тортилди.
Бу каби кенг қамровли ишлар газ таъминоти тизимининг ишончлилиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, икки босқичли тизимга ўтиш орқали техник йўқотишлар камаяди, хизмат кўрсатиш сифат даражаси ошади ҳамда хавфсизлик кўрсаткичлари янада мустаҳкамланади.

Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган бу ислоҳотлар аҳолининг кундалик ҳаётини енгиллаштириш, уларни барқарор энергия манбаи билан таъминлаш ва инфратузилмани замонавий талаблар даражасига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.