Ислоҳотлар инсон қадри учун
Президент топшириғи амалда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг сентябрь ойида “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарори имзоланди. Унга кўра аҳоли хонадонларида замонавий ҳисоблагичлар ўрнатилди. Бугунга қадар Бухоро вилояти бўйича 290 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари замонавий ҳисоблагичлар билан таъминланди.

– Суюлтирилган газ истеъмолчилари бевосита тўловларни нақд кўринишда амалга оширган эди, – “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали матбуот котиби Моҳигул Абдуллаева. – Бугунги кунда бевосита махсус карталар орқали тўлов қилинмоқда. Таъкидлаш лозим, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги “Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бугун жойларда газ тўлдириш иншоотларида маиший газ баллонларга ёрлиқ (стикер)ларни ёпиштириш ишлари самарали ташкил этилди. Махсус ёрлиқлар 17 та рақамдан иборат бўлиб, ҳар бир рақам бир хилликни талаб этмайди.

Маиший газ баллонига ёпиштирилган махсус ёрлиқдаги рақамлар телефон, рефайдер орқали “E-gaz” дастурига киритилди. “E-gaz” дастурида ҳар бир ID-карта рақами бир истеъмолчига бириктирилган. Ушбу дастурдан маҳалла фуқаролар йиғини ва улардаги истеъмолчиларга бириктирилган ID-карталар танлаб олинди. 167 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчиси бугун айнан махсус ID-карта орқали тўловни амалга ошириб келмоқда.

Рақамлаштиришнинг бу тизими билан бевосита коррупцион ҳолатларнинг олди олинмоқда. Шунингдек, вилоятнинг олис ҳудуди Олот ва Жондор туманларида янги газ тўлдириш шохобчалари ўз фаолиятини бошлади. Масофалар қисқарди, фуқаролар ўз вақтида газ баллони билан таъминланадиган бўлди.
Соҳада мавжуд муаммоларнинг олдини олиш, уларга тезкорлик билан жавоб қайтариш учун 2022 йилда газ таъминоти тизимида алоҳида бўлим сифатида “1104-call markaz” йўлга қўйилди. Кунига 4 та оператор 24 соатлик иш режимида ўз фаолиятини олиб бориб, 100 дан ортиқ мурожаатлар тезкорлик билан ҳал этилмоқда.

Ўтган давр ҳисобида сарҳисоб қиладиган бўлсак, табиий газ истеъмолчилари хонадонларида ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилди, замонавий икки босқичли тизимга ўтказилмоқда, суюлтирилган газ истеъмолчилари ҳам тўловларни махсус карталар орқали амалга оширмоқда. Маҳаллаларда дастлаб “бешлик” тизими жорий этилган бўлса, ушбу тизимни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича эндиликда бу маҳалла “еттилигига” айлантирилди. Бу борада “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан “Соҳадаги ислоҳотлар инсон қадри учун” тамойилида “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилиб, маҳаллаларда газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш, газдан хавфсиз ҳамда оқилона фойдаланиш орқали аҳоли розилигига эришиш бўйича мақсадли ислоҳотларни амалга ошириш йўлга қўйилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири