Табиий газ тугамас бойлик эмас
Бугунги кунда мамлакатимизда табиий газ таъминоти тизимида шаффофликни таъминлаш, ноқонуний уланишларни бартараф этиш ва истеъмол интизомини мустаҳкамлаш мақсадида тизимли назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Шу нуқтаи назардан, “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали назорат тузилмалари томонидан жойларда ўтказилаётган рейдлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Навбатдаги назорат тадбирлари давомида Бухоро вилоятининг бир қатор туманларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Жумладан, Ромитан туманининг “Қумрабод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Т.А. ўз хонадонида газ ҳисоблаш ускунасидан олдин яширин тарзда газ қувурига уланиб, 51 миллион 111 минг сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани маълум бўлди.
Шунингдек, туманнинг Газли маҳалласида яшовчи Ж.Ҳ. томонидан ўз уйида новвойхона ташкил этилиб, ўрнатилган ҳисоблагични четлаб ўтиш орқали табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича қайта ҳисоб-китоб қилинганда, 103 миллион 184 минг сўм миқдорида зарар етказилгани маълум бўлди.
Вобкент туманининг Чармгарон маҳалласида истиқомат қилувчи К.И.нинг хонадони текширувдан ўтказилганда эса, фуқаро ҳисоблаш ускунасининг фильтр қисмига резина шланг улаш орқали табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани фош этилди. Ушбу ҳолат бўйича 84 миллион 807 минг сўм миқдорида зарар қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Аниқланган барча ҳолатлар юзасидан тегишли далолатномалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш нафақат иқтисодий зарар келтиради, балки бутун таъминот тизимига салбий таъсир кўрсатади. Шу боис, барча фуқаролардан қонунларга риоя этиш, энергия ресурсларидан оқилона ва ҳалол фойдаланиш талаб этилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.