Аждодлардан мерос адолат
Самарқанд шаҳрида Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан Солиқ қўмитаси томонидан илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари вакиллари иштирок этган анжуманнинг дастлабки кунида қатнашчилар шаҳардаги темурийларга оид тарихий обидалар – Амир Темур мақбараси, Амир Темур жоме масжидида бўлиб, сулола тарихи, қадамжоларнинг бунёд этилиши билан боғлиқ маълумотлар олди. Самарқанд вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан Амир Темур давлатчилигида иқтисодий муносабатлар мавзусидаги саҳна кўриниши намойиш этилди. Тарихчи олимлар, иқтисодчилар мавзуга оид қизиқарли маълумотларни қайд этди, Соҳибқироннинг халқ фаровонлиги йўлида амалга оширган иқтисодий ислоҳотлари тилга олинди.
Иккинчи кун ўтказилган илмий анжуманда Ўзбекистон Фанлар академияси тарих институти олимлари ва олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан Амир Темур давлатчилигига оид маърузалар тақдим этилди. Бу маърузаларда Соҳибқирон шахсияти, унинг давлат бошқаруви ва иқтисодий сиёсати, “Темур тузуклари”нинг бугунги кундаги маънавий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-28520]
– Амир Темурнинг давлат бошқарувидаги қатъияти, лавозимларга муносиб кишиларни танлаш сиёсати кўп бора эътироф этилган, – дейди Солиқ қўмитаси Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бошқармаси бошлиғи Тўрабек Тўраев. – Самарқандда ўтказилган ушбу анжуман нафақат илмий жиҳатдан, балки сиёсий ва ижтимоий аҳамияти билан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Зеро, Амир Темур меросини ўрганиш орқали давлат бошқарувида адолат, қонунийлик ва халқ манфаатларига хизмат қилиш каби тамойиллар янада мустаҳкамланади. Бу эса бугунги кунда давлат идоралари, хусусан, солиқ тизими фаолиятида очиқлик ва ишонч муҳитини кучайтиришга хизмат қилади. Шу мақсадда ҳудудий бошқармалар вакилларини бир жойга йиғиб, тарихчи олимлар томонидан Соҳибқирон бобомизнинг адолатли давлат бошқаруви бўйича муҳим маълумотларни уларга етказишга ҳаракат қилдик.
Анжуманда Темурийлар давридаги тартиб-интизом, кучли давлатчилик ва иқтисодий барқарорлик масалалари бугунги ислоҳотлар билан уйғун ҳолда талқин қилингани алоҳида мазмун касб этди. Бу тизимдаги ёш мутахассисларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳалол ва фидойи хизматга ундашда муҳим аҳамиятга эга.
Амир Темур ва темурийлар даври илм-маърифат юксалган, адолат қарор топган, жамият ривожланган бир давр сифатида йиллар давомида эътироф этиб келинмоқда. Ўша давр ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларини бугунги даврга уйғунлаштириш келажакнинг нечоғлик қудратли бўлишини таъминлайди. Фақатгина авлодлар ҳам аждодлари сингари мамлакат ва миллат тақдири учун дахлдорлик ҳиссини туйиб, бирлашсагина кўзланган манзилларга янада яқинлашади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари