Бюджет даромадларининг 72 фоизи Солиқ қўмитаси томонидан шакллантирилган
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот муҳокамалари давомида бюджет даромадларининг барқарор ўсиши таъминлангани алоҳида эътироф этиб ўтилди. Бунда иқтисодиётдаги юқори фаоллик, солиқ базасининг кенгайиши, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган чоралар муҳим ўрин тутади.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида бюджет даромадлари 277 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 63 триллион сўмга кўп бўлди. Мазкур даромадларнинг 72 фоизи ёки 149 триллион сўми Солиқ қўмитаси, 20 фоизи ёки 41 триллион сўми Божхона қўмитаси томонидан шакллантирилди.
Жаҳон бозорида айрим стратегик товарлар нархларининг прогнозга нисбатан юқори бўлиши, яъни олтин ва миснинг, шунингдек, корхоналарда таннархни қисқартириш орқали молия-иқтисодий фаолият ижроси бўйича эришилган натижаларнинг яхшиланиши ҳисобига фойда солиғи бўйича тушумлар 51 триллион сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 баробарга кўпайди.
Шунингдек, иш ҳақининг ўсиши, янги иш ўринларини яратиш, норасмий иш ўринларини легаллаштириш борасида амалга оширилган тадбирлар ҳисобига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар 18,5 фоизга кўпайган.
Товарлар айланмасининг кенгайиши ҳамда қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сонининг кўпайиши натижасида қўшилган қиймат солиғи бўйича тушумлар 43,5 триллион сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоизга кўпайди. Ҳисобот даврида қўшилган қиймат солиғи тўловчиларига 12 триллион сўмдан ортиқ қўшилган қиймат солиғи қайтарилган.
М.Комилова, ЎзА