Мурожаатлар сони ўтган йилга нисбатан 6,7 мингтага камайди
Солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари, уларда кўтарилаётган масалалар ва муаммоларни ҳал этиш самарадорлиги солиқ хизмати органлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада рақамли хизматларни кенгайтириш, аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш ҳамда мурожаатларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Солиқ қўмитасининг Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Нилуфархон Ғанихўжаева иштирокида ўтказилган брифингда бу борада амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди.
Таъкидланганидек, 2026 йилнинг 9 ойи давомида Солиқ қўмитасига жисмоний ва юридик шахслардан жами 35 минг 42 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги 41 минг 821 та мурожаатга нисбатан 6 минг 779 тага кам.
Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, 12 минг 775 тани ташкил этган. Кейинги ўринларда Тошкент вилояти (3 213 та), Самарқанд вилояти (2 903 та), Қашқадарё вилояти (2 460 та), Фарғона вилояти (2 131 та) ва Андижон вилояти (1 930 та) қайд этилган. Келиб тушган мурожаатларнинг барчаси белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилган.
Шунингдек, ушбу даврда Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали солиқ органларига 22 минг 496 та мурожаат йўналтирилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 804 тага кам. Уларни кўриб чиқиш натижасида қаноатлантириш кўрсаткичи 96,3 фоизга етган.
– Мурожаатлар сонининг камайишида солиқ соҳасига жорий этилаётган рақамли ечимлар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Бугунги кунда солиқ тўловчилар кўплаб хизматлардан солиқ органларига бормасдан, масофадан туриб фойдаланиш имкониятига эга. Солиқларни ҳисоблаш, ҳисоботларни шакллантириш ва юбориш, тўловларни амалга ошириш ҳамда зарур маълумотларни олиш жараёнлари тобора автоматлаштирилмоқда.
Хусусан, сунъий интеллект технологиялари асосида ишлаб чиқилган AI солиқ платформаси солиқ тўловчиларга тезкор маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатишга хизмат қилмоқда.
Яна бир муҳим янгилик эса солиқ ҳисоботларининг проактив тарзда автоматик шакллантирилиши. Бунда солиқ тўловчи ҳисоботни мустақил равишда қайта тайёрлаши шарт эмас. Унга тайёр ҳолда шакллантирилган ҳисоботни текшириш, зарур бўлса, тузатиш киритиш ва электрон тасдиқлаш имконияти яратилган, – деди Н.Ғанихўжаева.
Брифингда қайд этилганидек, асосий эътибор фақат келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишга эмас, балки уларга сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилмоқда. Бу эса аҳоли ва тадбиркорлар учун солиқ хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароит яратиш, ортиқча оворагарчиликларни камайтириш ҳамда такрорий мурожаатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА