Аждодлар мероси бунёдкорлар нигоҳида
Қарор ва ижро
Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, мамлакатимизда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади.

Мазкур қарорнинг асосий мақсади "Иккинчи Уйғониш даврининг миллий ва умуминсоний моҳияти, ёш авлодни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ташкилий-амалий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни янги сифат босқичига кўтариш" ҳисобланади.
Энди мамлакатимизда ҳар йили апрель ойи — "Амир Темур ойлиги" деб эълон қилинди. Унинг доирасида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, бадиий-маърифий тадбирлар уюштирилади.

Мазкур саъй- ҳаракатларга Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ҳам кенг кўламли тайёргарлик кўрилди. Хусусан, соҳа ходимлари ўртасида оммавий диктант тадбирларига старт берилди.

Унда Мис бойитиш фабрикаси, Ангрен ва Ковулди кон бошқармалари, Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати, Техник тизимлар хавфсизлиги хизмати, Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси, Ижтимоий объектлар бошқармаси, Сув таъминоти цехи каби корхоналарда, раҳбарлар ва ишчи-ходимлар Соҳибқирон ҳаёти ва фаолиятига оид матн асосида ўз билимларини синовдан ўтказди. Ушбу тадбирлар миллий қадриятларни улуғлаш ва аждодлар меросини ўрганиш мақсадида тасдиқланган режа асосида тизимли ишлар давом эттирилади.

Шунингдек, “Олмалиқметаллургқурилиш” трестида ҳам ушбу сана муносабати билан бир қатор тадбирлар ўтказилиш белгиланди. Жараёнда ишчилар учун ижодкорлар билан маданий учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари, Самарқанд вилоятига саёҳатлар ташкил этилади.
А. Мусаев, ЎзА