Мардлик ва донишмандлик тимсоли
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Соҳибқирон бобомиз Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган тадбирлар, анжуманлар, ижодий мулоқотлар ўтказилмоқда. Бундай тадбирлар биз кимларнинг авлоди эканимизни, тарихимиз, мустақиллигимизнинг маънавий асосларини янада теранроқ англашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимизнинг “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори буюк саркарда фаолиятини кенгроқ ўрганишда янги имкониятларни очмоқда.
9 апрель – Амир Темур таваллуд топган кун муносабати билан “Биз ким, мулки Турон!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг миллий почта оператори – "UzPost" акциядорлик жамиятининг марказий офисида бўлиб ўтди.
Иштирокчиларга буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурнинг бой маънавий мероси, давлатчилик анъаналари ва тарихий аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбирга “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жалолиддин Юсупов таклиф этилди. Олим ўз маърузасида Амир Темурнинг миллий давлатчиликни шакллантириш, илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, бунёдкорлик ишлари, шунингдек, ҳарбий-сиёсий фаолияти ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Шунингдек, маъруза давомида Амир Темурга хос бўлган ватанпарварлик, халқпарварлик, мардлик ва жасорат каби юксак инсоний фазилатлар алоҳида таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар бу каби маънавий-маърифий учрашувларнинг аҳамиятини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
***
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Соҳибқирон, буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган “Менким, соҳибқирон - Амир Темур" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда тарихчилар, адиблар, Миллий гвардия ҳарбийлари иштирок этди.
Тадбир давомида жаҳонгир Амир Темур ҳаёти, фаолияти хусусида сўз юритилди. Амир Темурнинг мамлакат ва жаҳон тарихида тутган ўрни, ҳаёти ва давлат бошқаруви фаолияти, ҳар қандай мушкул вазиятдан чиқиб кета олиш заковати, мардлиги, жасорати, ватанпарварлиги, топқирлиги, темир иродаси ёш авлод учун ибрат, ҳаёт мактаби ва Ватанга садоқат намунасига айлангани эътироф этилди.
Амир Темур истеъдодли инсонларга эҳтиром кўрсатиб, кўмагини аямади, нуфузли олиму фузалолар билан маслаҳатлашган ҳолда илм-фан, шаҳарсозлик, деҳқончилик ва боғдорчилик, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларни қайта тиклашга бош бўлди, жамоат бинолари, масжид, мадрасалар ва турли иншоотлар қурдирди.
“Темур тузуклари” асари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Мазкур асар давлатчилик, солиқ, ҳарб илми ва умуман жаҳонгир бобомизнинг ҳаётий принцип ва қарашларини ўзида ифода этгани билан аҳамиятли.
Тадбир доирасида буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган кўргазма ташкил этилди. Унда бунёдкор, йирик давлат арбоби, моҳир саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси - Амир Темур ҳаётини ўрганишга доир бадиий, илмий, биографик ва публицистик адабиётлар ўрин олган.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири