Аждодлар меросига муносиб авлод
Пойтахтимизда ўтказилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ – янги кашфиётлар” халқаро медиафорум иштирокчилари бугун Самарқандда бўлди.
Меҳмонлар Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокимлиги масъуллари томонидан кутиб олингач, дастлаб Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини томоша қилди. Уларга буюк муҳаддиснинг ҳаёти ва илмий мероси, унинг ислом оламидаги беқиёс ўрни, шунингдек, мажмуада амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, мажмуа ёнидаги Ҳадис мактаби, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти ҳам анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, Ҳадис мактабида тингловчиларнинг буюк муҳаддислар тўплаган ҳадисларни ўрганиши ва тадқиқ этиши учун яратилган имкониятлар, замонавий қулайликлар ушбу муассасада ҳар томонлама билимли диний соҳа мутахассислари, манбашунослар етишиб чиқишига хизмат қилиши таъкидланди.

Ташриф дастурига мувофиқ, меҳмонлар Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда мажмуаси ва бошқа тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор масканлар билан яқиндан танишди.

Дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан келган жаҳоннинг етакчи медиа компанияси вакиллари, журналистлар, ҳужжатли кино ижодкорлари, олимлар, продюсер ҳамда рақамли технология соҳаси мутахассислари Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш, буюк аждодларимизнинг илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этдилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири