Мамлакатимизда спортнинг турли йўналишларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аммо шундай бир спорт тури борки, ишқибозлари кўп бўлишига қарамай, маълум сабабларга кўра бу йўналиш деярли оммалашмаган.
Бу автомобиль спорти бўлиб, автопойга бўйича илк Ўзбекистон чемпионати 1996 йилда ўтказилган. Жорий йилнинг 28 март куни ўзбекистонлик пойгачилар ўртасида янги мавсумнинг биринчи босқичи бошланган эди. Иккинчи босқич эса бугун, 12 сентябрда бўлиб ўтмоқда. Бунинг учун Тошкент вилояти Пискент туманидаги жанубий трасса шай ҳолатга келтирилган.
Тошкент автомобиль федерацияси томонидан юртимизда автомобиль спортини тарғиб қилиш ва ютуқларга эришиш мақсадида ўтказилаётган мазкур автопойга Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган бўлиб, унда ҳудудлардан келган клубларнинг 40 дан ортиқ махсус тайёрланган автомобиллари иштирок этмоқда. Иштирокчилар машина маркаси ва двигатель ҳажмига қараб турларга бўлинади.
Пойгачилар учта тоифада беллашади: миллий (маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар), С1600 класси (двигатели 1600 см³ гача бўлган хорижий автомобиллар), С2000 класси (двигатели 2000 см³ гача бўлган хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар).
Барча турларда 15 та доирадан иборат учта пойга натижаларига кўра, якка тартибдаги чемпионатда учта ғолиб аниқланади. Шунингдек, энг яхши жамоалар эълон қилинади.
Тадбир ташкилотчиларининг айтишича, мусобақанинг бу тури автоспорт мухлислари орасида машҳур. Байрамона руҳда ўтказилаётган мазкур автопойга жараёнларини мухлислар нафақат ўша ернинг ўзида, балки ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали ҳам кузатиши мумкин.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА