АҚШ компанияси билан инвестициявий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳасини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар тайёрлашга қаратилган халқаро ҳамкорлик изчил кенгаймоқда.
Бу борада дунёнинг етакчи компаниялари билан йўлга қўйилаётган мулоқотлар мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигида АҚШнинг чорвачилик учун озуқа қўшимчалари ва озуқавий ингредиентлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “SAM Nutrition” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда маккажўхори асосида ферментация технологияси орқали чорвачилик учун озуқа ингредиентлари ишлаб чиқаришга қаратилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг бой хомашё базаси, қулай инвестиция муҳити, озуқа саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, хомашё таъминоти, логистика имкониятлари ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик йўналишлари хусусида фикр алмашилди. Шунингдек, замонавий технологияларни мамлакатимизга трансфер қилиш, илғор хорижий тажрибани жорий этиш ва маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув доирасида “SAM Nutrition” компанияси раҳбарияти ўзининг халқаро фаолияти, витаминлар, аминокислоталар ва бошқа озуқа қўшимчалари ишлаб чиқариш соҳасидаги тажрибаси ҳақида тақдимот ўтказди. Шунингдек, компания томонидан жорий этилаётган инновацион технологиялар ва истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ферментация технологиялари асосида ишлаб чиқариладиган озуқа ингредиентлари чорвачилик маҳсулдорлигини ошириш, озуқа самарадорлигини яхшилаш ҳамда соҳада юқори қўшимча қиймат яратишда муҳим аҳамиятга эга. Бу эса мамлакатимизда озуқа саноатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши мумкин.
Учрашув якунида томонлар технологиялар трансферини ривожлантириш, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш имкониятларини биргаликда ўрганиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш бўйича келишувга эришди.
Мазкур мулоқот Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва озуқа саноатига илғор технологияларни жалб қилиш, халқаро инвестицияларни кенгайтириш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА