Чорвачиликда инновацион ёндашув ва халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда
Ўзбекистон сўнгги йилларда чорвачилик тармоғини модернизация қилиш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда наслчиликни яхшилаш мақсадида халқаро ҳамкорликни сезиларли даражада кенгайтирмоқда.
Хусусан, чегарадош Қозоғистон билан ем-хашак базасини мустаҳкамлаш ва чорва савдосини жонлантириш, Беларусь Республикаси ҳудудида эса ўзбекистонлик инвесторлар иштирокида йирик қўшма чорвачилик комплексларини ташкил этиш амалиёти юқори иқтисодий самара бермоқда.
Жумладан, Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ва Қозоғистон чорвадорлари ассоциацияси масъуллари икки давлат ўртасида чорвачилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор тажрибаларни Ўзбекистонда жорий этиш имкониятларини муҳокама қилди.

Бунда асосий йўналишлар, жумладан, чорвачиликда замонавий бошқарув ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, фермер хўжаликлари кооперациясини ривожлантириш, наслчилик ва генетика соҳасидаги ҳамкорлик, гўшт маҳсулотлари логистикаси ва савдоси ҳамда фермерларнинг билим ва малакасини ошириш бўйича муҳокамалар қилинди.
Шунингдек, Қозоғистоннинг «20+1» фермерлар консорциуми модели ҳамда “Dala.Camp” таълим платформаси тажрибаси юзасидан фикр алмашилди. Томонлар истиқболли қўшма ташаббусларни ўрганиш, мутахассислар ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда амалий ҳамкорликни давом эттириш масалаларини кўриб чиқди.
Шу билан бирга, Австралия, Янги Зеландия ҳамда Европа Иттифоқининг ривожланган давлатларидан энг илғор генетик материаллар ва юқори маҳсулдор зотдор қорамолларни олиб келиш бўйича тизимли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Жумладан, Австралиянинг “ADAMAND ENTERPRISES PTY LTD” компанияси вакили Андрей Вакулин билан чорвачилик соҳасига илғор хорижий технологияларни жалб қилиш, инвестициявий лойиҳаларни ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида Австралиянинг илғор чорвачилик тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш, замонавий чорвачилик комплексларини ташкил этиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, истиқболли инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, халқаро экспертларни жалб этиш ва техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш масалалари эътибор қаратилди.
Беларусь Республикаси вакиллари билан музокараларда ўзбекистонлик чорвадорларни замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан мақбул ва имтиёзли шартларда таъминлаш, тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Асосий эътибор чорвачилик хўжаликларини техник модернизация қилиш, озуқа тайёрлаш жараёнларини механизациялаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг чорвачилик соҳасида олиб бораётган ташқи сиёсати ва халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириши мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегик қадам.
Беларусь билан йўлга қўйилган трансчегаравий ишлаб чиқариш моделлари, Қозоғистон билан ем-хашак кооперацияси ҳамда Австралия ва Европа давлатларидан олиб келинаётган юқори генетик салоҳиятга эга зотдор моллар маҳаллий чорвачиликни анъанавий, экстенсив босқичдан замонавий, интенсив босқичга олиб чиқмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА