Фарғонада ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи материалларни эшитиб, уларни тарқатиб келган шахс суд томонидан 3,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Сўх туманида яшовчи 22 ёшли У. М.(исмлар шартли) фойдали иши билан юртига хизмат қилиш ўрнига ёт ғоялар гирдобига тушиб қолди. Россия Федерациясида ишлаб юрган вақтида интернетдаги турли сайтлардан диний мазмундаги маъруза ва нашидаларни эшитиб, уларнинг таъсирида диний ақидапарастликка берилди.
Хусусан, у Ўзбекистон Республикасида фаолияти тақиқланган халқаро террористик ташкилоти раҳномолари “Абу Салоҳ”нинг диний мазмундаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга чорловчи маърузаларини тинглаб, томоша қилган. Телеграм профилига мазкур маърузаларни жойлаб, танишларига тарқатиш билан шуғулланган.
У.М.нинг телеграм канали кўздан кечирилганда турли диний материаллар, видеороликлар сақлангани аниқланган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига кўра, олинган диний мазмундаги маърузалар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террористик уюшмасига тегишли эканлиги ҳамда уларни мамлакатимизга олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги кўрсатилган.
Жиноят ишлари бўйича Сўх туман суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, унга 3,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири