Қўқон шаҳрида диний оқимга қўшилиб, ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи материалларни тарқатиб келган шахс суд томонидан беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Бугунги тинч кунларимизни кўролмаётган ғаламислар турли йўллар билан баъзи юртдошларимизни йўлдан урмоқда. Қўқон шаҳрида яшовчи Икром Ҳасанов (исм-фамилияси ўзгартирилган) 27 ёшда. Афсуски, у ўзининг фойдали иши билан юртига хизмат қилиш ўрнига ёт ғоялар гирдобига тушиб қолди. Қонун талабларига зид ғояларни бошқалар онгига сингдиришга қаратилган қилмиши аслида диний ақидапарастлик ва терроризм ғояларини одамлар орасига ёйишдан иборат қабиҳ жиноят эканини англамади.
У тенгдошлари билан “ўзаро гурунглашиш” ниқобида мунтазам гаштаклар ташкил этиб, диний ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланган. Икром интернетдаги турли сайтлардан диний мазмундаги маъруза ва нашидаларни эшитиб, уларнинг таъсирида диний ақидапарастликка берилди. Телефонига уларни кўчириб, яшаш хонадонида сақлаб келган.
Бундан ташқари, устахонасига келган М.Содиқовнинг уяли алоқа воситасида “Ашула” номли папка яратиб, амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга хизмат қиладиган ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний материалларни ўтказиб тарқатган. Яхшиямки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан унинг қилмишлари фош этилди.
И.Ҳасановнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, унинг хонадонидан устки қисмига “Аралаш” деб ёзилган хотира чипи, 2 та флешка ва “SAMSUNG Galaxy A-6” русумли уяли алоқа воситалари далилий ашё тариқасида олинган. Улар кўздан кечирилганда 1672 дона файлда турли диний материаллар сақлангани аниқланган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига кўра, И.Ҳасанов томонидан тўпланган ва тарқатилган материаллар диний мазмундаги маъруза ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги ва мазкур ғояларни тарғиб қилувчи эканлиги аниқланган. Шунингдек, М.Содиқовнинг уяли алоқа воситасидаги 45 дона файлда диний мазмундаги материаллар сақлангани маълум бўлди. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
– Вилоят суди апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлисида судланган Икром Ҳасановнинг апелляция шикояти кўриб чиқилди, – дейди Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьяси Т.Ваҳобов. – У шикоятида оилавий шароити оғирлиги, оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олиб, енгиллик беришни сўраган. Судлов ҳайъати иш бўйича барча фикрларни тинглаб, иш материалларини таҳлил қилди. Суд ҳукмини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун ишда асослар мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Шу сабабли, судлов ҳайъати И.Ҳасановга оид суд ҳукмини ўзгаришсиз, унинг апелляция шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА