Амир Темур – адолат тимсоли
"Адолат" социал-демократик партияси ташаббуси билан Тошкент кимё-технологиялар институтида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбир давомида Амир Темурнинг давлат бошқарувидаги доно сиёсати, адолатга асосланган тамойиллари ҳамда темурийлар даврида юксак интизом ва тартиб масалаларига кенг урғу берилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Амир Темур шахсининг нафақат тарихий, балки бугунги кун ёшларини тарбиялашдаги аҳамияти беқиёс эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Унинг "Куч – адолатда" деган шиори бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмагани, жамият тараққиётида адолат ва қонун устуворлиги муҳим омил экани қайд этилди.
Талабалар томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилиб, Соҳибқироннинг ҳаёт йўли, ҳарбий юришлари, давлатни бошқаришдаги қатъияти ва адолатпарварлиги бадиий жиҳатдан жонли ифодаланди.


М.Комилова, ЎзА