Жорий йилнинг 14 июнь кунидан 13 июлига қадар Америка Қўшма Штатларида футбол бўйича клублар ўртасида Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Унда Европадан 12 та, Жанубий Америкадан 6 та, Африка, КОНКАКАФ ва Осиёдан 4 тадан ва Океаниядан эса битта жамоа иштирок этади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, жаҳоннинг 32 жамоаси 8 гуруҳга 4 тадан жамоа бўлинган ҳолда ўзаро рақобатлашади.

14-26 июнь кунига қадар давом этадиган мусобақанинг гуруҳлари қуйидагича кўриниш олган:
“A” гуруҳ: “Палмейрас”, “Порту”, “Аль-Ахли”, “Интер Майами”
“B” гуруҳ: “ПСЖ”, “Атлетико Мадрид”, “Ботафого”, “Сиэтл Саундерс”
“C” гуруҳ: “Бавария”, “Окленд Сити”, “Бока Хуниорс”, “Бенфика”
“D” гуруҳ: “Фламенго”, “Эсперанс”, “Челси”, “Лос-Анжелес”
“E” гуруҳ: “Ривер Плейт”, “Урава Ред Даймондс”, “Монтеррей”, “Интер”
“F” гуруҳ: “Флуминенсе”, “Боруссия Д”, “Ульсан”, “Мамелоди Сандаунз”
“G” гуруҳ: “Манчестер Сити”, “Видад”, “Аль-Айн”, “Ювентус”
“H” гуруҳ: “Реал Мадрид”, “Аль-Хиляль”, “Пачука”, “Ред Булл Зальцбург”.
Дарвоқе, мусобақанинг 1/8 финал босқичи 28 июнь – 1 июль, чорак финал 4-5 июль, ярим финал 8-9, финал 13 июль кунлари бўлиб ўтади.

Мазкур чемпионатинг ўзбек мухлислари учун аҳамиятли томони ҳам бор. Жумладан, "Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоасининг бўлажак мусобақа учун кенгайтирилган таркибни эълон қилди. Унга кўра, ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов ушбу қайдномадан ўрин олган. Умид қиламизки, ёш футболчимиз мазкур чемпионатда ўзини янги қирраларини дунёга намоён этади.
Шунингдек, қарийб бир ой давом этадиган чемпионатда фаолият олиб борувчи ҳакамлар рўйхатини эълон қилди. Қувонарлиси, ушбу мусобақада Илгиз Танташев бошчилигидаги ўзбекистонлик ҳакамлар бригадаси ҳам иштирок этади. Турли учрашувларда Илгиз бош ҳакамлик қилса, қанотларда унга, Андрей Цапенко ҳамда Тимур Гайнуллин ёрдам беради.

Энди эса мундиал ҳақида қолган маълумотларни бериб ўтамиз. Сўнгги йилларда футбол мусобақалари бошланишидан аввал “Opta” суперкомпьютери қайси клублар ғолиб бўлиши ҳақидаги тахминлар бериб келмоқда.
Унга кўра, бу галги чемпионатнинг асосий фаворити “ПСЖ” бўлиб, унинг имкониятлари 18,5 фоизга баҳоланмоқда. “Манчестер Сити” эса 17,8 фоиз билан иккинчи ўринда кўрсатилган бўлса, “Бавария”нинг чемпион бўлиши 12,8 фоизи кўрсатган. Шунингдек, "Интер" – 12,3, “Реал Мадрид” – 9,8, “Челси” – 8,4, “Боруссия Дортмунд” – 5,4, “Атлетико” – 5,1, “Ювентус” – 3,6, “Бенфика” – 3,3 фоиз дея эътироф этилган.
Жаҳон чемпионатининг мукофот пули жами 1 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу сумма қуйидагича тақсимланади:
Гуруҳ босқичи (3 та ўйин): Ғалаба учун 2, дурранг учун эса 1 миллион АҚШ доллар;
1/8 финалга чиқиш — 7,5 миллион АҚШ доллар;
Чорак финалга чиқиш — 13,125 миллион АҚШ доллар;
Ярим финалга чиқиш — 21 миллион АҚШ доллар;
Финалга чиқиш — 30 миллион АҚШ доллар;
Чемпионлик — 40 миллион АҚШ доллар.
Иштирок учун асосий бонус (525 миллион доллар).
Бу — турнирда иштирок этган барча 32 жамоага бериладиган кафолатланган тўловлар. Миқдорлар қитъалар бўйича фарқ қилади:
Европа: 12,81 – 38,19 миллион АҚШ доллар (спорт ва тижорат мезонларига қараб);
Жанубий Америка: 15,21 миллион АҚШ доллар;
Шимолий, Марказий Америка, Кариб ҳавзаси, Осиё ва Африка: 9,55 миллион АҚШ доллар;
Океания: 3,58 миллион АҚШ доллар.
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг илк учрашуви 14 июнь куни “Аль-Ахли” ва “Интер Майами” жамоалари баҳси билан бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА