6 ёшли болалар мактабга тайёрлов дастури доирасида таълим олади
Бугунги кунда 6 ёшли болаларнинг 98 фоизи мактабга тайёрлов гуруҳларига қамраб олинган. 20 минг бола эса тайёрловга қамраб олинмаган. Эндиликда бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларининг таълим дастурини мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида жорий этиш таклиф этилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида ушбу тартибларни ўз ичига олган, мактабгача ва мактаб таълими тизими интеграциясини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таълим ва илм-фан вазири ўринбосари Меҳринисо Пардаева таъкидлаганидек, мактабга тайёрлов мажбурий умумий ўрта таълимга киритилиши болаларнинг мактаб таълимига пухта тайёргарлик кўришини таъминлайди ҳамда таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, таълим тизимининг халқаро миқёсда тан олиниши ҳамда фуқароларнинг хорижий давлатларда таълим олиш имкониятлари кенгайишига асос бўлади.
Қонун лойиҳаси билан таклиф этилаётган тартибга кўра, олти ёшга тўлган болалар мактабга тайёрлов дастури доирасида таълим олади ва уларга бериладиган умумий ўрта таълим тўғрисидаги ҳужжат — аттестатда 12 йиллик таълим олгани акс эттирилади. Бу эса хорижда ўқишни давом эттириш учун қўшимча бир йиллик тайёргарликка эҳтиёжни камайтиришга хизмат қилади.
Муҳокамаларда фракция аъзолари томонидан бир қатор савол ва таклифлар ўртага ташланди. Жумладан, депутат Ирина Токарева партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда мактабга тайёрлов гуруҳларида болалар таълими билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартибига аниқлик киритиш, бунда кўп фарзандли оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитини ҳам инобатга олиш лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, йиғилишда яна бир қатор масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Отабек Мирсоатов (сурат),
ЎзА