Болаларни мактабга тайёрлаш тизимида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Боланинг мактаб остонасига қадам қўйиши унинг ҳаётидаги энг муҳим босқичлардан биридир. Бу даврда у нафақат ўқиш ва ёзишга дастлабки тайёргарлик кўради, балки янги муҳитга мослашиш, мустақил фикрлаш, мулоқот қилиш ва жамоада ишлаш кўникмаларини ҳам эгаллайди. Шу боис мактабгача тайёрлов жараёнини тўғри ташкил этиш, унинг кейинги таълим босқичлари билан узвийлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги вақтларда бир йиллик мактабга тайёрлов курсларига оид саволлар жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинмоқда. Хусусан, ушбу босқичдан кейин болалар яна Foundation дастурида ўқиши керакми? Таълим дастурлари халқаро стандартларга мослаштирилса, ўқув жараёнида қандай ўзгаришлар юз беради?
Мазкур саволлар юзасидан Таълим ва илм-фан вазирлиги матбуот хизмати қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
Мутахассисга кўра, мактабга тайёрлов босқичи боланинг бошланғич таълимга мослашувида муҳим ўрин тутади. Ушбу жараёнда болаларнинг мактаб таълимига тайёргарлиги шакллантирилиб, уларда дастлабки билим ва кўникмалар ривожлантирилади. Бироқ таълим жараёни фақат бир йиллик тайёрлов билан чекланиб қолмайди. Энг муҳим вазифа мазкур босқичда эгалланган билим ва кўникмаларнинг кейинги таълим жараёнида изчил давом этишини таъминлашдир.
Шу нуқтаи назардан, таълим дастурлари босқичма-босқич такомиллаштирилиб, халқаро талаблар ва стандартларга мослаштириб борилади. Бунда таълим босқичлари ўртасидаги такрорланишларни камайтириш, ўқув дастурларининг мазмуний узвийлигини таъминлаш ва таълим сифатини оширишга эътибор қаратилади. Бу борадаги асосий ёндашув — таълимнинг узлуксизлигини таъминлаш ва ҳар бир босқичда боланинг ёши ҳамда билим даражасига мос таълим беришдан иборат.
Ота-оналарни бир йиллик мактабга тайёрловдан кейин Foundation дастурида алоҳида ўқиш зарурати сақланиб қоладими деган савол ҳам қизиқтирмоқда.
Бу масала таълим дастурларининг халқаро аккредитациядан ўтиши билан бевосита боғлиқлиги айтилди. Таълим дастури ISCED-1 даражаси бўйича халқаро аккредитациядан ўтганидан сўнг Foundation (Foundation босқичи — бу халқаро университетларга (асосан Буюк Британия, Европа давлатлари ҳамда Ўзбекистондаги халқаро филиалларга) ўқишга киришдан олдинги 1 йиллик тайёрлов дастури) босқичида алоҳида таҳсил олишга эҳтиёж қолмайди. Яъни мактабга тайёрлов ва бошланғич таълим дастурлари ўзаро уйғунлаштирилиб, боланинг кейинги таълим босқичига ўтиши учун зарур шарт-шароит яратилади. Бу ерда асосий мақсад шунчаки таълим босқичлари сонини қисқартириш эмас, балки боланинг олган билимлари кейинги босқичда мантиқий давом этишини таъминлашдир.
Бундай ёндашув мамлакатимиз таълим тизими учун мутлақо янги эмас. Айни пайтда мазкур тажриба Президент мактаблари ҳамда Беруний номидаги ихтисослаштирилган мактабда йўлга қўйилган. Ушбу таълим муассасаларида халқаро аккредитациядан ўтган дастурлар асосида ўқитиш амалиёти мавжуд. Бу эса таълим дастурларини халқаро мезонлар асосида ташкил этиш ва таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш бўйича муайян тажриба шаклланганини кўрсатади. Келгусида ҳам таълим дастурларини халқаро талабларга мослаштириш ишлари босқичма-босқич давом эттирилади. Таълим тизимидаги ҳар қандай ўзгаришнинг марказида, аввало, боланинг манфаати туриши лозим. Мактабга тайёрлов жараёни ҳам болаларнинг ёши, индивидуал қобилияти ва ривожланиш хусусиятларини инобатга олган ҳолда ташкил этилиши муҳим.
Таълим дастурларининг халқаро аккредитациядан ўтиши, бошланғич таълим мазмунининг такомиллаштирилиши ва босқичлар ўртасидаги узвийликнинг таъминланиши ўқувчилар учун янада самарали таълим муҳитини яратишга хизмат қилади. Энг муҳими, мактабга тайёрлов босқичида шаклланган билим ва кўникмалар кейинги таълим жараёнида давом эттирилиши, болалар бир хил мазмундаги дастурларни такроран ўзлаштиришга мажбур бўлмаслиги керак. Демак, бир йиллик мактабга тайёрлов курслари ва халқаро таълим стандартларига мослаштириш жараёнларига фақат алоҳида таълим босқичи сифатида эмас, балки узлуксиз ва сифатли таълим тизимини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида қараш лозим. Зеро, мактабга тайёрлашнинг мақсади болани шунчаки биринчи синфга олиб келиш эмас, балки унинг келгуси таълим йўли учун мустаҳкам пойдевор яратишдир.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА