Мактабга тайёрлов боғчада эмас, мактаб таълими тизимида бўлади
Мамлакатимизда мактабгача тайёрлов тизимини такомиллаштириш мақсадида мактабга бир йиллик мажбурий тайёрловни умумий ўрта таълим тизимига киритиш бўйича ташаббус илгари сурилган эди. Эндиликда ушбу ташаббуснинг қонунчиликдаги ҳуқуқий асоси яратилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига мактабгача ва мактаб таълими тизими интеграциясини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатасига киритилди.
Унга кўра, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунларга мактабга бир йиллик мажбурий тайёрловни умумий ўрта таълим тизимига киритиш, уни мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида ташкил этиш, болаларнинг мазкур тайёрловдан ўтиш ҳуқуқини кафолатлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Лойиҳа билан таклиф этилаётган ўзгартишлар мактабгача ва умумий ўрта таълим тизимлари интеграциясини таъминлаш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш сифатини ошириш, умумий ўрта таълим тизимини халқаро тажрибага мувофиқ такомиллаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, фуқароларга хорижий давлатларда ўқиш фаолияти учун янада қулай шароитлар яратади.
Мазкур қонун лойиҳаси айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси масъуллигида кўриб чиқилиб, қўмита ва фракциялар муҳокамасига тайёрланмоқда.
М.Комилова,
ЎзА