
Бугун “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамиятида ўтказилган матбуот анжумани мамлакатимизда биржа фаолиятининг ривожланиш натижалари ва истиқболларига бағишланди.
Жамият масъуллари ва ОАВ ходимлари иштирок этган мазкур тадбирда 2024 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисобига урғу берилар экан, тизимда эришилган ютуқлар бевосита юртимиздаги ўзгаришлар ва ислоҳотлар билан боғлиқ экани қайд этилди.
Хўш, бу даврда тизимдаги қайси йўналишларда юқори кўрсаткичларга эришилди?
Мазкур саволга “ЎзРТХБ” АЖ масъул ходими Ҳикматулло Тиллабоев қуйидагича жавоб берди:
–Бугунги тадбирнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси фаолиятининг 2024 йил якунлари ва 2025 йил учун истиқболли режалар тўғрисида маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилди.
2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2023 йилга нисбатан 11,8 фоизга ўсди. Жумладан, биржа савдолари 14,8 фоизга, электрон давлат харидлари 5,3 фоизга, авторақамлар онлайн аукционлари 2 бараварга, мобиль рақамларнинг сотув ҳажмлари эса 43,6 фоизга ошди.
2024 йилда биржанинг давлат харидлари бўйича xarid.uzex.uz электрон савдо тизимида ўтказилган аукцион савдолари натижасида 7,9 триллион сўм бюджет ва корпоратив буюртмачилар маблағлари тежалди. Шунингдек, avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 195 мингдан ортиқ авторақам онлайн аукционлар орқали сотилди. Сотилган авторақамларнинг 97 фоизи жисмоний шахслар, 3 фоизи эса юридик шахслар томонидан харид қилинди. Энг паст баҳодаги авторақам 1,7 миллион сўм, энг қиммати эса 965,3 миллион сўм бўлди.
Кўриб чиқилаётган даврда биржа орқали умумий қиймати 875,9 миллион сўмдан ортиқ бўлган 64,3 мингта “яшил сертификатлар” сотилган. Биржа котировкасига кўра, бир дона сертификат нархи 13,6 минг сўмни ташкил этди.
Савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида икки томонлама қарама-қарши аукцион жорий этилди. Икки томонлама аукцион бозор нархларини аниқлашнинг янада самарали усули ҳисобланади. Унда икки томон бир вақтнинг ўзида ўз нарх таклифларини беришлари мумкин. Бу эса рақобатни харидорлар ва сотувчилар ўртасида кучайтириб, савдолар самарадорлигини оширади.
Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, 2024 йилда 30 мингга яқин фермер хўжалиги томонидан 2,5 миллион тонна пахта хомашёси фьючерс ва спот шартномалари асосида биржа орқали сотилди. Шунингдек, 1,2 миллион тоннадан ортиқ буғдой ҳам мазкур тартиб асосида харид қилинди.
Бу даврда биржанинг “UZEX Agro” электрон савдо платформаси ҳам ишга туширилди. У аҳоли томорқаларида, фермер ва деҳқон хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин бозор нархида сотишга мўлжалланган.
2025 йилги режаларимиз янада улкан. Хусусан, пахта хомашёси бўйича икки томонлама аукцион, фьючерс, форвард ва спот шартномалари асосида ҳар бир ҳудудда биржа савдолари алоҳида ўтказилади. Фьючерс ва форвард шартномалари бўйича кластерлар пахтага бўлган талаб ва нарх таклифини биржага қўяди, фермерлар эса ўзига маъқулини танлайди. Спот шартномалари эса омборда сақланаётган пахта хомашёси ҳажмлари бўйича реал вақт режимида тузилади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.