“Яллама” чегара божхона постида “Электрон навбат” жорий этилди
Қарор ва ижро (рукн)
Сўнгги йиллар мамлакатимизда фуқаролар ва автотранспорт воситаларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш шароитларининг жаҳон стандартларига мувофиқлигини таъминлаш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда рақамли технологияларни кенг жорий этишга эришилди.
Шу билан бирга, чегара ўтказиш пунктлари орқали товар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш жараёнларини автоматлаштириш ҳамда чегара ўтказиш пунктлари олдида автотранспорт воситалари тирбандлигининг олдини олиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали жисмоний шахслар ҳаракатланиши ҳамда улар томонидан товар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш жараёнларини янада соддалаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, чегара божхона постларида “Электрон навбат” тизимини жорий этиш белгиланган. Унга асосан Тошкент вилоятидаги “Яллама” чегара божхона постига ёндаш ҳудудда зарур инфратузилма яратилди ва “Электрон навбат” автоматлаштирилган ахборот тизими 2026 йил 16 мартдан тўлиқ амалиётга жорий қилинди.
Эндиликда чегарадан ўтиш жараёнларини автоматлаштирилиб, жисмоний шахслар, товар ва транспорт воситаларининг ҳаракати янада тартибга солинади. Шу билан бирга, чегара ўтказиш пунктлари олдида автотранспорт тирбандлиги камайтирилади. Ҳайдовчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилади.
Бугунги кунда божхона пости орқали Ўзбекистон Республикасидан чиқиш йўналишида сутка давомида ўртача 500-600 та автотранспорт воситаси ҳаракатланади. Ушбу тизимнинг афзаллик томони шундаки, ҳайдовчи “Э-навбат” мобил иловасидан фойдаланган ҳолда бевосита чегара божхона постига етиб келмасдан электрон навбат олиши ҳамда божхона постида мавжуд навбатлар тўғрисида онлайн маълумот олиш имконияти яратилди.
А. Мусаев, ЎзА