“Молиявий саводхонлик” олимпиадаси ғолиблари аниқланди
Нукусда “Молиявий саводхонлик” олимпиадасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур олимпиада ўқувчи-ёшларни интеллектуал салоҳиятини ошириш, ўқувчилар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, ўқувчиларда инновацион ғоя, таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқиш кўникмаларини шакллантириш, мактаб ўқувчилари ўртасида молиявий ҳуқуқбузарлик ҳамда яширин иқтисодиётга тоқатсизлик позициясини шакллантириш мақсадида ўтказилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан ҳамкорликдаги қўшма қарори асосида ўтказилган олимпиада якунида биринчи ўринни Нукус шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси Жаҳонгир Камалов қўлга киритди.
Иккинчи ўринга Тўрткўл туманидаги 18-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Ўлмасбек Шокиров, учинчи ўринга Беруний туманидаги 58-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Нурбол Саъдуллаев лойиқ топилди.
Совринли ўринларни эгаллаган ўқувчилар жорий йилнинг май ойида ўтказиладиган республика босқичига йўлланма олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.