Чегирмалар ортидаги алдовлар фош бўлди
Бугун ижтимоий тармоқларда ёки кўчалардаги реклама баннерларида «50% чегирма», «охирги кун», «улгуриб қолинг» деган ёзувларга кўзимиз тушади.
Баъзида шошма-шошарлик билан зарур маҳсулот учун буюртма берамизу қўлимизга етиб келгач хаёлимизда бир гумонли савол туғилади. Ростдан ҳам арзонлашдими ёки аввал нархини сунъий кўтариб, кейин арзон қилиб кўрсатишяптими?
Рақобат қўмитаси савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларидаги ана шундай “сеҳрли” чегирмаларни таҳлил қилиб кўрди. Натижалар эса, чиройли маркетингдан бошқа нарса эмаслигини кўрсатди.
Хусусан, қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида 58 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасидаги 116 та акция ва чегирмалар жиддий саволларни туғдирди. Ўрганишлар давомида 65 та муаммо ва камчилик аниқланди. Айрим ҳолларда эълон қилинган чегирмалар амалда бошқача қўлланилган, акция шартлари тўлиқ тушунтирилмаган ёки ғолибларга ваъда қилинган совринлар берилмаган.
Масалан, Андижон вилоятида 60 миллион сўмлик соврин берилмаган. Яъни, “Water Life Mineral” МЧЖ томонидан ўтказилган “Орзу ушалсин” акциясида 3 нафар иштирокчига жами 60 миллион сўм тақдим этилмаган. Мазкур ҳолат юзасидан тадбиркорга нисбатан иш қўзғатилиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилгани бўйича тегишли қарор қабул қилинди ва кўрсатма берилди.
Наманган вилоятида яшовчи Фуқаро А.А. “Наманган автотеххизмат” МЧЖ акциясида иштирок этиб, Chevrolet Cobalt автомобилини ютиб олган. Бироқ, телефон рақами нотўғри терилгани сабабли ғолиб билан боғланиш имкони бўлмаган. Натижада унинг ютуғи бекор қилиниб, бошқа шахсга берилган. Рақобат қўмитаси аралашуви билан автомобиль ҳақиқий ғолибга қайтарилди.
Шунингдек, Намангандаги “Baldini” дўкони, Бухоро шаҳридаги “IDEA” дўкони, “Самарқанд автотеххизмат” МЧЖ ва Қашқадарё вилоятида “1+1” акцияси доирасида ўтказилган акцияларда ҳам юқоридаги каби мижозларни алдаш ва уларнинг ютуқларини бермаслик каби холатлар аниқланган.
Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, асосий муаммо қоидаларнинг йўқлигида эмас, балки уларга риоя этилишини ўз вақтида ва самарали назорат қилиш механизмларининг етарли эмаслигида. Шу сабабли Рақобат қўмитаси акция ва чегирмаларни назорат қилишнинг янги рақамли механизмлари бўйича таклифлар тайёрламоқда. Мақсад — акция ва чегирмаларнинг шаффофлигини ошириш, харидорларни чалғитувчи ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА