Кузги шудгорлаш – мўл ҳосил гарови
Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги Айқирон қишлоғи ҳудудида келгуси йил ҳосили учун пухта замин яратиш юзасидан кузги шудгорлашни сифатли ўтказиш, ерга-ер қўшиш, дала четларига кўчат экиш, ички ариқларни тозалаб чопиш ҳамда бетонлаштириш масалаларига бағишланган вилоят кўргазмали семинар ўтказилди.
Анжуманда қатнашган Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов қайд этганидек, жорий йилда пахтачиликда тарихий натижага эришилди. Етиштирилган мўл ҳосил қисқа фурсатда йиғиштириб олиниб, пахта сотиш режаси ортиғи билан уддаланди. Бу эса кузги муҳим тадбир – шудгорлаш ва бошқа юмушларни эртароқ амалга ошириш имконини бермоқда.

Вилоят қишлоқ хўжалиги ҳамда соҳага хизмат кўрсатувчи ташкилотлар мутасаддилари, туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари ва бошқа масъуллар иштирокидаги тадбирда шудгорлашни талаб даражасида, сифатли ташкил этиш, ерга-ер қўшиш, дала маданиятини шакллантириш каби агротехник тадбирлар амалда кўрсатиб берилди.

– Кузги долзарб юмушлар – шудгорлашдан тортиб, ариқ-зовурларни тозалаш, ерга-ер қўшиш, дала маданиятини шакллантириш асосий эътиборимизда, – деди “Ўзагроинспекция” Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Анваржон Ҳакимов. – Мазкур мавсумда вилоятимиз бўйлаб шудгорланиши белгиланган 108 минг 477 гектар майдоннинг 12 минг 241 гектари ғўзадан, 70 минг 728 гектар такрорий экиндан, 25 минг 328 гектари эса бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан бўшаган майдонлар ҳисобига тўғри келади. Шудгорлаш ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида 126 та отряд шакллантирилди.

Семинарда отрядлар узлуксиз ишлаши ва мавсумни тез кунларда якунлаши учун кўрилган чоралар, бириктирилган техника ҳамда эҳтиёт қисмлар заҳираси ҳам кўздан кечирилди. Отрядлар аъзолари рағбатлантирилди. Соҳа мутасаддиларининг ҳисоботлари эшитилиб, тажрибали фахрийларнинг маслаҳатлари тингланди.

Тадбир якунида, айни пайтда кўрилаётган масалаларга бирма-бир тўхталиб ўтилди ва соҳа ходимлари олдида турган вазифалар белгилаб берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири