МДҲ доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг иқтисодий ҳамкорлиги
Ўзбекистон ва Россия МДҲ доирасида асосий иқтисодий ҳамкорлардан саналади. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар савдо-сотиқ, саноат кооперацияси, энергетика, минтақалараро алоқалар ва гуманитар соҳаларни қамраб олади.


Ҳамкорлик икки ва кўп томонлама даражада ривожланмоқда. Икки томонлама даражада иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия ва Ҳудудлар кенгаши фаолият юритади. Шу йилнинг 6 октябрь куни Фарғонада Ҳукуматлараро комиссиянинг 27-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда йиғилиш протоколи ҳамда Россия ва Ўзбекистон ўртасида 2026-2040 йилларга мўлжалланган илмий-технологик ривожланиш стратегияси имзоланди.
Кўп даражадаги ҳамкорлик МДҲ ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида амалга оширилмоқда. Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳузурида кузатувчи мақомини олди. 2024 йил 1 октябрь куни Ўзбекистон ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди. Шу билан бирга республикамиз раҳбарияти МДҲ механизмлари самарадорлигини оширишни илгари суради. МДҲ Ҳукумат раҳбарлари Кенгаши йиғилишида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов эркин савдо зонаси самарадорлигини оширишга чақирди. Бу интеграция бирлашмасига тўлиқ аъзо бўлмаган ҳолда, Россия Федерацияси ва минтақадаги бошқа давлатлар билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш истагини кўрсатади.
Ўзаро савдо динамикаси
Савдо айланмаси иқтисодий муносабатларнинг асосий кўрсатгичи бўлиб қолмоқда. 2025 йил якунларига кўра, унинг ҳажми 13 млрд АҚШ долларини ташкил этди, бу олдинги йилги кўрсатгичдан 8,4 фоизга кўпдир. Ўзбекистон маҳсулотлари экспорти 12,2 фоизга ошиб, 4,4 млрд АҚШ долларга етди.
2026 йилда ҳам ижобий динамика сақланиб қолди. Жорий йилнинг биринчи чорагида савдо айланмаси 7 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилги кўрсатгичдан 15,7 фоизга кўпдир. Январь-июль ойларида эса, бу кўрсатгич 8,1 млрд долларга етди (+11,8%). Саккиз ой давомида 10 фоизлик ўсиш кузатилди ва савдо ҳажми 9 млрд доллардан ошди.
2026 йилга мўлжалланган мақсадлар ҳозирги кўрсатгичлардан юқори. Россия Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров бунда 14 млрд доллар деб, Ўзбекистон томони эса, товар айирбошлаш ҳажмини 15 млрд долларгача ошириш ниятида эканини билдирди.
Россия Федерацияси республикамизнинг энг йирик савдо шериклари қаторига киради. 2026 йилнинг январь-август ойлари якунига кўра, Ўзбекистонинг ташқи савдо айланмаси 57,4 млрд долларни ташкил этди. Бунда Хитой биринчи ўринни эгаллайди (23%), шундан сўнг Россия (16%), Қозоғистон (6,5%), Туркия (3,4%) ва Афғонистон (2,5%) ҳиссасига тўғри келади. Иккинчи ўринни эгаллаган Россия Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари орасида энг асосий ҳамкори саналади.
Аграр секторда ҳам энг кўп ўсиш кузатилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси ҳажми 31,7 фоизга ўсиб, 2026 йилнинг июль ойида мева, сабзавот ва ёнғоқ етказиб бериш ҳисобига 1,55 млрд долларни ташкил этди. Россия бозори Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳслотлари экспорти учун асосий йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ҳамкорлик алоқалари товар алмашинувдан аста-секин қўшма ишлаб чиқариш даражасига ўтмоқда. Жорий йилда кимё саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва металлга ишлов бериш соҳаларида 16 та қўшма корхона ташкил этиш режалаштирилган. Жиззах вилоятида атом электр станциясини қуриш, миллий кадрларни тайёрлаш, ускуналар ва хизматларни маҳаллийлаштириш энерегетика соҳасидаги энг йирик лойиҳалардан ҳисобланади.
Сўнгги икки йилдаги бу маълумотлар давлатлармиз ўртасида савдо ҳажмининг барқарор ўсиб бораётганини кўрсатади.
Ораш Акабоев, ЎзА