“MiningMetals Uzbekistan-2026”: 18 мамлакатдан 162 та компания иштирок этмоқда
Бугун Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуасида “Тоғ-кон иши, металлургия ва металлсозлик - MiningMetals Uzbekistan - 2026” 20-юбилей халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Кўргазманинг очилиш маросимида тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова ва бошқалар сўзга чиқиб, тоғ-кон саноати ва металлургия соҳасини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда тоғ-кон саноати ва металлургия иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизнинг бой минерал-хомашё захиралари, йирик кон-металлургия корхоналари ва саноат салоҳияти соҳани янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратмоқда. Бугунги кунда ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш, ускуналарни модернизация қилиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада “MiningMetals Uzbekistan-2026” каби халқаро кўргазмалар илғор тажриба алмашиш, янги технологиялар билан танишиш ва истиқболли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим майдондир.
Бу галги кўргазмада Ўзбекистон, Австралия, Беларусь Республикаси, Эрон, Эстония, Финляндия, Германия, Ҳиндистон, Испания, Канада, Корея Республикаси, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Сербия, Тожикистон, Туркия ва Хитой каби 18 та мамлакатдан 162 та компания ва бренд ўз имкониятларини тақдим этмоқда.
“Портлатишсаноат” АЖ вакили Алишер Харбоевнинг таъкидлашича, бугунги кунда тоғ-кон металлургия соҳаси учун тизимли инжиниринг йўналишида ишлар олиб борилмоқда.
– Биз нафақат инжиниринг, балки электрод тизимларини ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқариш устида ишлаяпмиз. Натижалар эса жуда яхши. Бошқа корхоналар ҳам маҳсулотларимизга қизиқиш билдирмоқда. Келгусида мамлакатимиздаги фаолиятимизни янада кенгайтиришни режалаштирганмиз. Аввал ҳам кўргазмаларда иштирок этганмиз, бироқ бу йилги тадбир янги имкониятларни тақдим этди, – деди у.
[gallery-32196]
Кўргазмада кончилик ва бойитиш техникаси, металлургия ва металлсозлик ускуналари, минерал хомашёни ташиш ва қайта ишлаш ечимлари, шунингдек, рақамлаштириш, автоматлаштириш ва саноат хавфсизлигини таъминлаш технологиялари намойиш этилмоқда.
“Corus Eurasia Group” компанияси таъсисчиси Элнар Замалиевнинг таъкидлашича, корхона 1997 йилда Россия Федерациясида ўз фаолиятини бошлаган. 2024 йилда эса Ўзбекистон бозорига кириб келган.
– Биз майдалаш-саралаш ускуналари ва йўл қурилиши техникаси савдоси ҳамда сервис хизматларини кўрсатамиз. Биз SANY ва NFLG брендларининг расмий дилери ва эксклюзив вакили ҳисобланамиз. SANY йўл қурилиши техникаси, бетон ускуналари ва асфальт-бетон заводларини таклиф этса, NFLG мобиль ва стационар майдалаш-саралаш ускуналарига ихтисослашган. Компаниямиз мазкур кўргазмада учинчи йил иштирок этмоқда. Кўргазманинг асосий мақсади эса янги ҳамкорлар топиш, самарали учрашувлар ўтказиш, шартномалар тузиш ва Ўзбекистон бозоридаги фаолиятни янада ривожлантиришга қаратилган, – деди Э.Замалиев.
Уч кун давом этадиган ушбу кўргазма ва халқаро форум мамлакатимиз саноат салоҳиятини халқаро майдонда намойиш этиш, замонавий технологияларни оммалаштириш, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ва тоғ-кон металлургия соҳасида янги истиқболларни белгилаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА