Сенаторлар кўтараётган долзарб масалалар ечими – халқимиз манфаатларини самарали таъминлаш демакдир
Сенат ялпи мажлисида Президентимиз мамлакатимиз тараққиётини белгилаб берувчи стратегик вазифаларни белгилаб берганига эътибор қаратилди.
– Узоқни кўзлаб амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, албатта, ўз самарасини беради, - деди Сенат Раиси Танзила Норбоева – Фақат масъулият, фаоллик ва ташаббускорликни сусайтирмаслик лозим. Бунда, биринчи навбатда, халқимиз билан мулоқотга таяниш, жойлардаги долзарб муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиб бориш жуда муҳимдир.
Жойлардаги муаммоли масалаларни Сенат ялпи мажлиси минбарига олиб чиқиб, уларни масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳал этишга қаратилган амалиёт изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, ўтган йили кўтарилган 11 та ва жорий йилда кўтарилган 2 та муаммоли масала кўриб чиқилиб, уларни ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли чоралар амалга оширилди.
Маълумот учун, 2025 - 2026 йилларда кўтарилган жами 13 муаммоли масаланинг 6 таси ҳал этилди. Қолган масалалар юзасидан ҳам тегишли ишлар давом этмоқда.
Масалан, ўтган йили қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов томонидан кўтарилган масала бўйича алоҳида норматив-ҳуқуқий асос яратилди. Натижада контент-провайдерлар томонидан мобил алоқа абонентларини уларнинг розилигисиз турли пулли хизматларга улаш ҳолатларига барҳам берилди.
Қўмита раиси Орзигул Қозихонова томонидан Қашқадарё вилоятидаги кўзи ожизлар махсус кутубхоналарининг моддий-техник базаси билан боғлиқ кўтарилган муаммоли масала ижобий ҳал этилди. Натижада Миришкор, Яккабоғ, Деҳқонобод, Нишон ва Қамаши туманларидаги кутубхоналарга бинолар ажратилиб, уларнинг моддий-техник базаси тўлиқ янгиланди.
Сенатор Сайёра Абдукаримова томонидан кўтарилган, ҳудудларда ветеринария осойишталигини таъминлаш ва чорва моллари ўртасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам амалий ҳаракат бошланган. Жорий йил якунига қадар 40 миллион бош чорва моллари ва 106 миллион бош паррандаларни профилактик эмлаш, ветеринария инфратузилмасини янада ривожлантириш ҳамда замонавий карантин объектларини ташкил этиш режалаштирилган.
Албатта, бу каби масалалар ечими ортида кўплаб инсонларнинг манфаати ва ҳудудларни ривожлантириш мақсади мужассам экани, шу нуқтаи назардан мазкур амалиётни янада фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Ялпи мажлисларда кўтарилган айрим масалалар ҳануз ўз ечимини кутаётгани айтиб ўтилди Жумладан, ўтган йили Жиззах вилояти Бахмал туманидаги “Бахмал”, “Музбулоқ” ва “Темирқадам” маҳаллалари аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳаларининг якунига етказилмаётгани, Андижон вилояти Избоскан туманидаги “Оқмозор ота” зиёратгоҳида амалга оширилиши белгиланган қурилиш ва реставрация ишлари маблағ ажратилмагани сабабли тўхтаб қолгани, Бахмал тумани маркази бўлган Ўсмат шаҳарчасининг Дўстлик, Ўсмат, Оқтош, Нуробод, Файзобод ва Қутлуғобод маҳаллаларидаги ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, шунингдек, Избоскан туманидаги “Пойтуғ” ҳамда Олтинкўл туманидаги “Марказ” сув олиш иншоотларини реконструкция қилиш масалалари ҳали ечимини кутаётгани маълум қилинди.
Ялпи мажлисда ушбу масалаларни ижобий ҳал етиш, тез фурсатда якунига етказиш маъсулларга эслатиб ўтилди.
Халқ вакиллари – сенаторлар кўтараётган бундай долзарб масалалар ечими халқимиз манфаатлари самарали таъминланиши демакдир.
Норгул Абдураимова, ЎзА