Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ тизимига мос равишда шаклланган миллий адвокатура институти ҳозирги кунда ўз қаддини хохлаганимиздек тиклаб ололмаяпти. Бунга нафақат қонунчилигимизда мавжуд номутаносибликлар ва қонун ижросини таъминлаш борасидаги тегишли мутасадди идоралар вакилларини малакаси сабаб бўлмоқда.
Шу билан бирга, адвокатура ҳамжамияти аъзоларининг касб этика қоидаларини мукаммал эмаслиги учун уни бир хил тушунмаслик оқибатида риоя қилмаслик ҳолатлари тезда учраб туриши, қолаверса адвокатура институтининг малака комиссиялар фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларда интизомий масалаларни кўриб чиқиш ва малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ қоидалар ҳозирги замон талабларига етарлича жавоб бермаётгани амалиётда ўз тасдиғини топмоқда.
Бинобарин, адвокатура ҳамжамиятини ташкилий-ҳуқуқий асослари, унинг бошқарув органларини шакллантириш тартиби ҳамда фаолиятини самарадорлигини баҳолаш мезонлари ва бошқа шу каби долзарб масалалар бўйича мустақил адвокатура ҳамжамиятини маълум даражада ташаббускорлигининг сустлиги ачинарли аҳвол ҳисобланади. Шу ўринда, барча келтирилган сабаблар чуқур ва тизимли равишда ўрганилмасдан ва мазкур миллий фуқаролик институтини ўзига хослиги эътиборга олинмасдан одатда илғор чет эл тажрибасини амалиётимизга татбиқ этиш мақсадида турли хил қарорларни қабул қилиш ҳеч қандай самара бермаслиги ҳозирда аниқ намоён бўлмоқда. Аслида, танқид, қандай кўринишда бўлмасин, ҳеч бир жамиятда кўп ҳолларда ўйлаганимиздек тўлақонли ва тўғри қабул қилинмайди. Лекин, бизлар ўзимизни қомусимизда эълон қилинган асосий инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда давлат муассасалари ва нодавлат ташкилотлари фаолиятларида таъминлай олмас эканмиз, инсон қадриятларини илгари сурадиган ҳақиқий фуқаролик жамият негизида айни том маънода демократик ҳуқуқий давлатни барпо этишни ёдимиздан чиқарсак ҳам бўлаверади.
Тарихдан маълум, фуқаролик институтлари, жумладан, адвокатура институти, давлатда қонун устуворлигини таъминлаш жараёнларида бевосита ёки билвосита иштироки билан давлат идоралари фаолиятида қонунбузулишига йўл қўймаслик мақсадида ҳаракат қилади. Холбуки, ушбу фаолият ҳар сафар ҳам ижобий натижа бермайди. Чунки, унга субъектив ва объектив омиллар ҳамиша ўз таъсирини ўтказди.
Мулоҳазаларимиз юзаки бўлмаслиги учун аввало, объектив омилларга тўхталадиган бўлсак, хусусан, ҳозирда процессуал қонунчиликда белгиланган тартибга биноан исботлаш субъектлари – суриштиручи, терговчи, прокурор ва судя мақомидаги процесс иштирокчилари билан чегараланган. Ушбу қонуний ечим борасида, уни қанчалик тўғрилиги юзасидан муҳокамага киришмасдан, фикримизни ривожида аҳамиятлиси, исботлаш субъектлари ваколатларига ҳар қандай ишга доир фактик ҳолатларни аниқлаш чегарасини ҳамда уларни далил сифатида тан олинишини шунингдек процессуал тарзда расмийлаштирилган ҳужжатлар шаклида тузилганлигини белгилаш ҳуқуқи берилганлиги муайян иш бўйича қарор қабул қилиш учун асос бўла олади. Тан олиш керак, миллий адвокатура институтини мавқеи бундай ҳолатда бир мунча паст кўринади, яъни, бўлиб ўтаётган процессуал жараёнларда, давлат вакили томонидан мободо ноқонуний ҳаракатлар содир этилаётганда ёки амалдаги қонунчиликка номувофиқ қарорлар қабул қилинганда, адвокат қандай бўлмасин таъсирли чора кўра олмайди. Холбуки, адвокатнинг ҳуқуқи қонунунийлик тамойилига қатъий риоя қилган ҳолда, фақат ўрнатилган тартибда давлат идораларига мурожаат қилиш ва процессуал жараёнларда иштирок этиб ўз эътирозини билдириш билан чекланган. Шунинг учун, жамиятда, одил судловни амалга ошириш вақтида тарафларнинг тенг ҳуқуқлигини ва уларни ўзаро тортишувини таъминлашни ҳеч қандай имкони йўқдай туюлади.
Субъектив омилларга тўхталадиган бўлсак, фикримизга кўра, улардан асосийси, процесс иштирокчилари фаолиятида қонун нормаларини ягона қўллаш амалиёти мавжуд эмаслиги. Бунга сабаб, ҳуқуқшунослик назарияси ва амалиётининг ўртасидаги тафовут йироқлиги. Чунончи, профессионал тайёргарлик ҳамда малака ошириш жараёнлари, исботлаш субъектлари ҳамда адвокатлар учун, ихтисослик бўйича, аниқ тажрибага таянган ҳолда ўтказилмаслиги, бундан ташқари, қонунчилигимиз жадал ривожланиб бораётиб, ҳали тўлиқ амалиёт шаклланмаган ҳолатда демократик одил судовни таъминлаш билан боғлиқ пировард натижага эришишни имкони мавжуд эмас.
Хулоса ўрнида, юқорида кўтарилган муаммоларни долзарблиги туфайли, ўйлаймизки, агарда, етук соҳа мутахасислари қатъийилик ва жонкуярлик кўрсатиб, тааллуқли қонун ҳужжатлари ижроси борасида тайин амалий қўлланмалар шаклида тавсиявий кўрсатмалар ишлаб чиқсалар кўп мулоҳазали саволларга қониқарли жавоблар топиларди.
Жасур Неъматов
Юридик фанлар доктори, профессор
Тошкент давлат юридик университети