
Жорий йилнинг 13 декабрь куни Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида "Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар" VI Республика танловининг тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.
Танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбек миллий мақом санъати маркази, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Танловда Ўлмас Расуловнинг "Муҳаммаси Набиуллоҳ" асари бош соврин 1 ўринга лойиқ деб топилди. 2-ўрин Илёс Арабовнинг "Гардуни Ироқ" асари ва Ғафур Эшчановнинг "Топилмас" асарига насиб қилди. Учинчи ўринни эса Баходир Бабажоновнинг "Савти Ироқ" асари, шунингдек Нодир Ваҳобовнинг "Насри Ироқ" асари эгаллади.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги раҳбарияти, мақом санъати соҳаси мутахассислари ва санъат ихлосмандлари иштирок этди. Тадбир давомида мақом ансамблларининг жонли ижролари ҳамда танлов ғолибларининг махсус чиқишлари меҳмонларга тақдим этилди.
Ушбу тадбир мақом санъатини ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлиб, миллий мусиқа меросимизнинг янги авлодга етказилишида алоҳида аҳамият касб этади. Бу жараён нафақат ижрочилик санъатининг юксак савиясини тарғиб этиш, балки янги авлодда миллий мусиқа ва маданиятга бўлган қизиқиш ва ҳурматни шакллантиришга хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/trZpnsXIyJs" title="“Maqom yoʻllarida yaratilgan eng yaxshi asar” VI Respublika tanlovi oʻtkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
М.Турдалиева, У.Тўхтаев (видео), ЎзА