Тиббиёт ходимлари шарафланди
Кармана туманидаги “Оқсарой” тантаналар масканида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Унда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, уни жаҳон талаблари даражасига кўтариш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталдилар.
Таъкидланганидек, аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг билими ва касб маҳоратини ошириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб- қувватлаш ва рағбатлантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Жумладан, тиббиёт муассасалари сони 2017 йилдаги 160 тадан 2026 йилда 293 тага етди. Тиббий марказлар сони 8 тадан 16 тага кўпайди. Аҳолига 2 352 нафар шифокор ва 11 789 нафар ўрта тиббиёт ходими хизмат кўрсатмоқда.
- 2025 йилда 513 та “тиббиёт бригадаси” томонидан аҳолининг 98,4 фоизи тиббий хатловдан ўтказилди, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоев. - 40 ёш ва ундан катта 338,6 минг нафар аҳоли юрак қон-томир ва қандли диабет касалликлари бўйича, 18-40 ёшли 369,8 минг нафар аҳоли профилактик кўрикдан ўтказилди. Сурункали касаллиги бўлган 309 минг нафар аҳолининг барчасида соғломлаштириш тадбирлари ўтказилди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ўртача умр давомийлиги 74,1 ёшдан 78 ёшга етди, оналар ўлими бутунлай бартараф этилди, гўдаклар ўлими 8,5 дан 5,3 гача, умумий ўлим кўрсаткичи 4,8 дан 2,8 гача камайди.

2026 йилда вилоят тарихида илк бор жигар трансплантацияси амалга оширилган бўлса, Учқудуқ ва Қизилтепа туманларида болаларда очиқ юрак амалиётлари ўтказилди.
Тадбирда тизимда меҳнат қилаётган бир гуруҳ фаолларга “Фахрий ёрлиқ”, “Ташаккурнома” ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, республика миқёсида ўтказилган “Тиббиёт фидойиси – 2026” танловида 7 та номинацияда ғолибликни қўлга киритган тиббиёт ходимлари ва муассасаларига ваучерлар тақдим этилди.

Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса даврага кўтаринки кайфият улашди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири