Ислоҳотлар самарадорлиги ва халқ ишончи учун йўлида
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда ҳар бир соҳада адолатли ва самарали тизимни шакллантиришдан иборат. Айниқса, қурилиш, коммунал хизмат кўрсатиш ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш каби аҳоли манфаатлари билан бевосита боғлиқ йўналишларда коррупция омилларни бартараф этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Олий Мажлис ҳузуридаги Парламент комиссияси томонидан қўллаб-қувватланган “Ҳалол қурилиш ва ҳалол коммунал хизмат” лойиҳаси доирасида Навоий вилоятида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
- Лойиҳанинг асосий вазифаси қурилиш ва коммунал хизматлар соҳасида коррупция хавф-хатарларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, рақамли технологиялар имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда ходимларда ҳалоллик ва масъулият тамойилларига асосланган касбий маданиятни шакллантиришдан иборат, - дейди “Ноила” ижтимоий кўмак, ҳуқуқий тарғибот ва мониторинг маркази таъсисчиси Мансур Хамидов.
Лойиҳа доирасида “Навоийуран” давлат корхонаси комплаенс хизмати раҳбари А.Мустафаев билан учрашув ва мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда корхонада амалга оширилаётган қурилиш ишларининг шаффофлик механизмлари, соҳада рақамлаштириш жараёнларининг ҳолати, шунингдек, ишчи-хизматчиларнинг коррупцияга қарши курашиш ва ҳалоллик тамойилларига муносабати атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида А.Мустафаев коррупцион хулқ-атворга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, комплаенс назоратини такомиллаштириш, коммунал ва қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Таъкидланганидек, рақамлаштириш коррупция хавфларини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, қурилиш жараёнлари, маблағлар сарфланиши, харидлар, шартномалар ва бажарилган ишлар ҳақидаги маълумотларнинг очиқ электрон тизимларда акс эттирилиши инсон омили таъсирини қисқартиришга, ҳисобдорлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилади.

Вилоят Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Н.Қолдиқулов билан бўлиб ўтган учрашувда ҳудуддаги маданий мерос объектларини давлат муҳофазасига олиш, уларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш, қурилиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этишда юзага келаётган муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари атрофлича таҳлил қилинди.
Таъкидланганидек, маданий мерос объектлари халқимизнинг кўп асрлик тарихи, миллий ўзлиги ва маънавий бойлигини ўзида мужассам этган бебаҳо қадриятлардир. Уларни муҳофаза қилиш фақат бирор ташкилотнинг вазифаси эмас, балки давлат ва жамиятнинг умумий масъулиятидир. Шу боис бундай объектларда амалга ошириладиган қурилиш, таъмирлаш ва реставрация ишлари қонунчилик талабларига қатъий риоя этилган ҳолда, мутахассислар назорати ва жамоатчилик мониторинги асосида ташкил қилиниши муҳимдир.
Учрашувлар якунида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, социологик тадқиқотларни ташкил этиш ва белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан ҳамкорликдаги тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири