Маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилди
11 ноябрь - Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖда “Янги Ўзбекистон - янги касаба уюшмалари” шиори остида ишчи-ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда жамоада ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти Кенгаши, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси ҳамда станция раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда раҳбар ва ишчи-ходимлар иштирокида мини-футбол мусобақалари, “Заковат” интеллектуал ўйинлари ҳамда олтита шартни ўз ичига олган эстафета беллашувлари ўтказилди.

Мини-футбол мусобақаларида жамоалар жисмоний тайёргарлиги, маҳорати ва жамоа бўлиб ҳаракат қилиш кўникмаларини синовдан ўтказди.
Маданий-маърифий тадбирлар доирасида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйинларида ходимлар саволларга жавоб топиш жараёнида мантиқий фикрлаш, тезкор қарор қабул қилиш, фикр алмашиш ҳамда биргаликда ечим топиш борасидаги қобилиятларини намойиш этди.

Олтита шартдан иборат эстафета беллашувларида эса чаққонлик, тезкорлик, аниқлик ва ўзаро мувофиқлашган ҳаракатлар муҳим ўрин тутди.

Барча мусобақалар ғолиблари ва совриндорлари, шунингдек, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирландилар.
А.Бўриев, ЎзА мухбири