Сингапур жамғармаси иссиқда ишламаслик учун пул тўламоқчи
Сингапурда жойлашган “El Nino Resilience Fund” асосчилари Жануби-шарқий Осиё аҳолисига ҳаддан ташқари иссиқда ишламаслиги ва тирикчилик кўйида соғлигини хавф остига қўймаслиги учун пул тўламоқчи, дея хабар берди “Straits Times” нашри.
Кўриб чиқилаётган усуллардан бири – норасмий соҳада ишлайдиган одамлар, асосан аёллар учун иссиқлик суғуртаси ажратиш. Яъни, ҳарорат муайян даражага етганда, аҳоли ишламаса ҳам даромадини йўқотмайди. Иссиқдан омон қолиш учун нақд пул тўлови олиш мумкин бўлади.
Жамғарма “Asia Climate Philanthropy Advisory” ва “Asia Community Foundation” томонидан биргаликда ташкил этилган. Ташкилотчилар минтақа аҳолисига “Ал-Нинё” иқлим ҳодисаси билан боғлиқ иссиқлик, қурғоқчилик ва ёнғинга дош беришда ёрдам бериш учун 3 миллион доллар тўплашни мақсад қилган. 850 000 доллар аллақачон йиғилган, қолган 2,15 миллион доллар икки йил ичида шакллантирилиши кутиляпти.
Чекка жамоаларда, қуёш энергияси таъсирида ишлайдиган сув таъминоти тизими ўрнатиш, экинни ҳимоя қилиш, ўрмон ва торф ёнғинининг олдини олиш ва Индонезияда ёниб кетган ўрмонни тиклаш бошқа эҳтимолий чоралар сифатида белгиланган.
Ал-Нинё – Тинч океани юзаси ғайри табиий исиши билан тавсифланган иқлим ҳодисаси бўлиб, сайёрамиз бўйлаб об-ҳаво шароитини ўзгартириши, қурғоқчилик ва сув тошқини келтириб чиқариши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА