БМТ инқироз туфайли озиқ-овқат нархи кўтарилишидан хавотирда
БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури 2027 йил ўртасига келиб озиқ-овқат, ёнилғи ва транспорт нархи ошиши туфайли 727 миллион доллар қўшимча харажатга дуч келиши мумкин.
– Бу Украина ва Яқин Шарқдаги можаро оқибатида таъминотдаги узилиш туфайли дунё бўйлаб 7,3 миллион кишига ёрдам кўрсатиш имкониятига таҳдид солади, – дейди тузилма ижрочи директори Люк Линдберг Хавфсизлик кенгашининг “Украинада тинчлик ва хавфсизликни сақлаш” тадбирида сўзлаган нутқида.
Унинг сўзларига кўра, Яқин Шарқда вазият кескинлашгач, озиқ-овқат ва юк ташиш харажати ортди. Айниқса импортга боғланган, озиқ-овқат хавф эҳтимоли юқори мамлакатлар сезиларли таъсирга учраган.

Дастур раҳбари асосий озиқ-овқат таъминоти йўли тўсиб қўйилгани, хусусан Ҳурмуз ва Боб Ал-Мандиб бўғозлари, шунингдек Қора денгиз атрофида кема қатнови хавф остида қолгани озиқ-овқат экспорти ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришни сезиларли даражада мураккаблаштирганини таъкидлади.
Маълумки, Қора денгиз минтақаси дунёдаги энг кўп дон ишлаб чиқарувчи ҳудуд ҳисобланади. Дон маҳсулотлари танқислиги муаммоси очарчилик хавфи остида қолган Сомали ва ҳозир 90 фоиз импортга таянган Яман каби мамлакатлар учун жуда долзарб.
– Украина ва Польша дон омборлари тўла, Сомали, Судан ва Жанубий Судандаги оилалар эса ҳалокатли очарчиликдан азият чекмоқда, – дейди Линдберг. – Муаммо ишлаб чиқаришда эмас, сиёсатда. Дон бор, лекин муҳтожларга етиб бормаяпти.

Шунингдек, мулозим кейинги мавсум қишлоқ хўжалиги ҳосили камайишидан ҳам огоҳлантирди. Дунё бўйлаб ўғит таъминотининг тахминан 30 фоизи Ҳурмуз орқали ўтади. Маҳсулот етказишдаги узилиш Ал-Нинё билан боғлиқ иқлим муаммосидан жабр кўраётган кичик фермер хўжаликлари учун ўта ачинарли натижага олиб келади.
Тузилма раҳбари қўшимча қилишича, ҳозир дунё бўйлаб 266 миллион одам ўта очликда кун кечиряпти. Хавф уч мамлакат – Судан, Жанубий Судан ва Сомалининг айрим ҳудудларида жуда юқори.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА