Хитой қишлоқларида қишки туризм: қорли тоғлар аҳоли даромад манбаига айланмоқда
Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районида қишки туризм мавсуми қизғин паллага кирди. Олтой тоғлари бағрида жойлашган Коктокай халқаро тоғ-чанғи курортида янги мавсум бошланганидан буён 75 мингдан зиёд сайёҳ қабул қилинди. Бу ерда қишки дам олиш мавсуми нафақат сайёҳлик инфратузилмасини, балки атрофдаги қишлоқлар иқтисодий ҳаётини ҳам ўзгартирмоқда.
Курортнинг маркетинг ва режалаштириш бўлими ходими Чжао Тинюйнинг маълум қилишича, жорий йил 20 октябрь куни очилган мавсум Хитойда очиқ ҳаводаги тоғ-чанғи курортлари орасида биринчи бўлиб бошланган. Дастлабки кунларданоқ сайёҳлар оқими юқори бўлиб, дам олиш масканига талаб ортган.
Курорт яқинидаги Фуюнь уезди Коктокай қўрғонига қарашли Талатэ қишлоғида ҳам бу ўзгаришлар яққол сезилмоқда. Илгари асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан кун кечирган аҳоли бугун меҳмон уйлари, сайёҳларга хизмат кўрсатиш ва отларда сайр уюштириш орқали қўшимча даромад топмоқда.
Қишлоқ аҳолисидан бири Кулипаран Хабуилихазэ оиласи билан меҳмон уйи ташкил этган. Унинг айтишича, ёз ва кузда мактаб ўқувчилари ҳамда талабалар учун таълимий саёҳатлар ташкил этилади, қиш ва баҳорда эса тоғ-чанғи спорти ишқибозлари қабул қилинади. Сўнгги кунларда меҳмон уйида бўш жой деярли қолмаяпти. Оиланинг йиллик соф даромади 100 минг юандан ошган.
– Уйимиз остонасидаги қорли тоғ энди оиламиз учун ҳақиқий олтин конга айланди, – дейди у.
Албатта, бу натижа ўз-ўзидан юзага келмаган. Дастлаб қишлоқ аҳолиси орасида меҳмонхона бизнесини йўлга қўйиш, сайёҳларга хизмат кўрсатиш борасида тажриба ва тушунча етарли бўлмаган. Шу боис маҳаллий раҳбарлар уларни бошқа ҳудудлардаги сайёҳлик масканлари фаолияти билан таништирган, овқат тайёрлаш, меҳмон кутиш ва сервис хизматларини ташкил этиш бўйича махсус ўқув курслари ўтказган.
Талатэ қишлоғи партия ячейкаси котиби Шала Эньтемакнинг таъкидлашича, бугун туризмдан тушаётган даромад қишлоқ аҳолисининг йиллик умумий даромадида қарийб 70 фоизни ташкил этмоқда. Шу тариқа, қишки туризм маҳаллий аҳоли учун мавсумий машғулотдан барқарор даромад манбаига айланиб бормоқда.

Яна бир эътиборли жиҳат – сайёҳлик соҳасининг ривожланиши ёшларнинг ўз туғилган ҳудудига қайтиб, меҳнат фаолиятини шу ерда давом эттиришига ҳам замин яратмоқда. Масалан, Коктокай қўрғонилик Куличати Мухаяти 2020 йилда университетни тамомлагач, ўз юртига қайтиб, тоғ-чанғи курортида канат йўли оператори бўлиб иш бошлаган. Унинг айтишича, бу ерда ишлаш барқарор даромад топиш билан бирга ота-онасига яқин бўлиш имконини ҳам беради. Бугун унинг ҳамкасбларининг ярмидан кўпини маҳаллий ёшлар ташкил этади.
Олтой тоғлари этакларида жойлашган Коктокай илгари кончилик қўрғони сифатида танилган бўлса, бугун сайёҳлик марказига айланмоқда. Ҳудудда қорнинг мўл ёғиши, баландликлар ўртасидаги катта фарқ ва қор қопламининг узоқ сақланиши қишки туризмни ривожлантириш учун қулай шароит яратган.
Қўрғон партия қўмитаси котиби Сюй Бонинг қайд этишича, маҳаллий ҳокимият қишки туризмни иқтисодиётни диверсификация қилишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўрмоқда. Бунда эътибор фақат тоғ-чанғи спорти ёки диққатга сазовор жойларни томоша қилиш билан чекланмаяпти. Сайёҳларга ҳудуднинг маданияти, турмуш тарзи билан яқиндан танишиш, мазмунли дам олиш имконини берадиган хизматлар кўлами ҳам кенгайтирилмоқда.
Умуман, Коктокай тажрибаси табиий имкониятлардан самарали фойдаланиш, туризмни маҳаллий иқтисодиёт билан боғлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш орқали қишлоқлар тараққиётига янги суръат бериш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бу ерда қорли тоғлар нафақат сайёҳларни ўзига жалб этувчи манзилга, балки маҳаллий аҳоли учун янги касб, иш ўрни ва фаровонлик манбаига айланмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА