Шри-Ланка Демократик Социалистик Республикаси – Жанубий Осиёдаги орол давлат Португалия истилоси давридан 1972 йилгача Европада Цейлон деб аталган. “Шри-Ланка” санскрит тилидан таржима қилинганда “Шон-шарафли, муборак замин” маъносини англатади.
Мамлакат пойтахти расман Шри-Жаяварденепура-Котте, оддийгина Котте (1982 йилдан бери) номи билан аталадиган маскан парламент қароргоҳи. Йирик шаҳарларидан бири Коломбо эса норасмий пойтахт саналади.
Бир неча тарихий босқични босиб ўтган бу оролнинг энг қадимий аҳолиси – Веддалар аждоди Австрало-Веддоид ирқига мансуб бўлиб, бугунги кунда 2500 кишини ташкил этади. Сингаллар оролга милоддан аввалги VI асрда кўчган. Эрамиздан аввалги III асрда Буддизм кириб келган.
III-XIII асрлардаги пойтахт Анурадхапурада, кейин Полоннарувада йирик Сингал қиролликлари шаклланган. Оролнинг марказий қисмидаги Сигирия (Арслон) қояси фрескалари ҳам шу даврга тегишли.
Сингал монархларининг Полоннарува сулоласи қулагандан сўнг пойтахт бир неча марта кўчирилган. XVI асрда португаллар оролга келганда пойтахт Котте шаҳри эди.
Шри-Ланка тарихида бир неча муҳим босқични қайд этиш мумкин.

140 йил давом этган Португалия мустамлакаси (1518-1658) даврида савдо ривожланган, Коломбо порти дрен чиқарган. Зиравор, долчин бозорнинг асосий маҳсулотига айланган. Португаллар оролни Цейлао деб атаган, Цейлон номи шундан келиб чиққан.
1796 йилгача давом этган Голландия мустамлакаси даврида савдода монополияга эга голландлар португалларни бутун оролдан қувиб чиқарган.
XVIII аср охирига келиб, инглизлар портларни эгаллай бошлади ва 1815 йилга келиб мамлакатнинг бутун ҳудуди Британия ҳукмронлиги остига ўтди.
Англияга қарамлик (1795-1948 йиллар) даврида орол ҳаётида муҳим ўзгаришлар юз берди. Британияликлар бу ерга мамлакат иқтисодиётининг асосий маҳсулотларига айланган қаҳва, чой ва каучук олиб келди. 1870 йилга келиб қаҳва асосий экспорт товарига айланди.
Иккинчи жаҳон уруши даврида стратегик аҳамиятга эга бу заминда Гитлерга қарши коалиция иттифоқчилари қароргоҳи жойлашган эди. 1942 йил япон қўшинлари портларни эгаллашга ҳаракат қилди, аммо бу ҳаракат муваффақиятсиз чиқди.
1948 йилдаги урушдан сўнг Цейлон Англия қироли қўл остидаги Миллатлар Ҳамдўстлиги ҳукмронлигига ўтди. Шри-Ланка тарихда биринчи марта оролнинг бутун ҳудудини қамраган давлат пайдо бўлди.
Шри-Ланка оммавий ахборот воситалари – телевидение, радио, газета, журнал ва веб-сайтлар синхала, тамил ва инглиз тилларида фаолият кўрсатади. Мамлакатда радио эшиттириш пайдо бўлиши 1923 йилга бориб тақалса, илк телевизион тармоқ 1979 йил 13 апрелда ишга туширилган.
Шри-Ланка иқтисодиёти ўсиши натижасида кўплаб сунъий йўлдошли телеканаллар жорий этилди. Давлат медиа марказларидан ташқари ўндан зиёд хусусий радиостанция, 30 дан кўп хусусий телестанция мавжуд.
Шри-Ланкада ҳозир кўплаб онлайн нашрлар бор. Шунингдек, инглиз тилидаги газеталар – Коломбо шаҳрида 1903 йилдан чоп этила бошлаган “Кундалик кўзгу” (Daily Mirror), “Кунлик янгиликлар” (Daily News, 1918 й), 1994 йилдан нашр этиладиган “Якшанба етакчиси” (Sunday Leader Daily FT) ҳафталиги бор. Бундан ташқари синхала ва тамил тилларида чоп этиладиган матбуот нашрлари ҳам мавжуд.
Шри-Ланканинг ягона миллий ахборот агентлиги – “Ланкапуват” (Lankapuvath) Коломбода жойлашган ва беш ҳамкор, миллий газета ва асосий миллий электрон медиа институтлардан иборат.
“Ланкапуват” Шри-Ланка матбуоти барони, ҳуқуқшунос, энг йирик ва энг машҳур газеталар гуруҳининг бир марталик таҳририяти бошқарувчи директори Эсмонд Викремесингх томонидан 1978 йил ташкил этилган.
Мазкур ташкилот Осиё ва Тинч океани ахборот агентликлари ташкилоти Миллий ахборот агентликлари (OANA Pool) билан фаол алоқа орқали дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакати тармоғига таянган ҳолда, Шри-Ланка ва хорижий янгиликларни 7 кун, 24 соат ҳар томонлама ёритишни таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Шри-Ланка Демократик Социалистик Республикаси билан 1999 йил 11 октябрь куни Москва шаҳрида имзоланган қўшма коммюнике асосида дипломатик алоқа ўрнатган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА