Ёшлар салоҳиятини юзага чиқараётган инклюзив майдон
Қашқадарё вилоятида “VoiceUp – 2026” инклюзив ёшлар оромгоҳининг ҳудудий босқичи юқори савияда ташкил этилди. Дастлаб иштирокчилар Китоб туманидаги Инсон ижтимоий хизматлар марказида бўлиб, аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар билан яқиндан танишди.
Танлов жараёнларида 500 нафарга яқин ёшлар орасидан саралаб олинган 50 нафар фаол иштирокчи учун мотивацион тренинглар, амалий семинарлар ҳамда жамоавий ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган машғулотлар ташкил этилди. Шунингдек, иштирокчилар ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказиб, уларни такомиллаштириш бўйича фикр ва тавсиялар олди.
Жумладан, Қарши давлат университети талабаси Абдулазиз Кенжаев томонидан илгари сурилган ижтимоий лойиҳа алоҳида эътибор қозонди. Унинг ташаббуси эшитишда нуқсони бор, қўл ҳаракатлари орқали мулоқот қиладиган болаларга замонавий технологиялар, стартап ва инновациялар асосларини ўргатишга қаратилган.
– Бугун барча ёшлар учун имкониятлар кенгайиб бораётган бир пайтда, эшитишида нуқсони бор болалар ҳам бу жараёндан четда қолмаслиги керак, деб ўйлайман, – дейди А.Кенжаев. – Шу боис уларга технология ва инновацияларни ўргатиш ғояси туғилди. Оромгоҳдаги машғулотлар ёшлар учун катта тажриба мактабига айланган. Мен жамоада ишлаш, фикримни очиқ айтиш ва лойиҳамни ҳимоя қилиш бўйича катта тажриба олдим. Энг муҳими, бу ердаги муҳит ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ишонч ҳар бир иштирокчини олға ундайди. Албатта, келгусида ўз лойиҳамни янада ривожлантириб, уни амалиётга жорий этишни истайман. Агар имконият бўлса, бундай ташаббусларни бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш ниятим бор.
Тадбирнинг навбатдаги босқичи Шаҳрисабз туманидаги Мираки шаҳарчаси ҳудудида давом этди. Бу ерда ташкил этилган тренинглар жараёнида иштирокчилар ўз фикрларини эркин ифода этиш, етакчилик қобилиятларини шакллантириш ҳамда ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган муҳим билим ва амалий тажрибаларга эга бўлди.
Турли интеллектуал ва жамоавий ўйинлар орқали иштирокчилар ўртасида ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ҳамда қўллаб-қувватлаш муҳити янада мустаҳкамланди. Айниқса, жамоавий ишлаш жараёнлари ёшларнинг бир-бирига ишончи ва ҳамкорлик кўникмаларини оширишда муҳим омил бўлди.
Тадбир якунида долзарблиги билан ажралиб турган 10 га яқин ижтимоий лойиҳалар муҳокама қилиниб, улар юзасидан мутахассислар ва иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Лойиҳалар тақдимоти эса оромгоҳнинг энг масъулиятли ва қизиқарли босқичларидан бири сифатида ўтди.
Қайд этиш жоиз, “VoiceUp – 2026” оромгоҳи ёшларни ягона мақсад атрофида бирлаштириб, уларнинг ички салоҳиятини юзага чиқариш ва ривожлантириш учун мустаҳкам платформа бўлиб хизмат қилди. Бу ерда шаклланган дўстона муҳит, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш тамойиллари иштирокчиларнинг нафақат бугунги фаоллигига, балки келгусидаги ҳаёт йўлига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири