Бугунги болалар қандай китобларни ўқиши керак?
Фарзандингиз китоб ўқишга қизиқадими ёки йўқ? Кўпчилик ота-оналарни айнан шу савол ўйлантиради.
Қизиқмаслигининг асосий сабабларидан бири кўпинча нотўғри танланган китоб. Чунки ҳар қайси китоб ҳар қандай ёш учун мос келавермайди. Китоб — бу инсоннинг энг яқин дўсти аслида. Лекин бу дўстни, яъни китобларни ҳам тўғри танлаш керак. Акс ҳолда бола китобдан узоқлашиб кетади.
Болаларда фикрлаш қачон бошланади?
Кўпчилик ўйлайди: бола фақат мактабга боргандан кейин фикрлай бошлайди. Лекин аслида бу нотўғри. Швейцар психологи Жеан Пиагет болалар бўйича ўтказган тадқиқотларига кўра, бола туғилган заҳоти фикрлаш жараёни бошланади, деган хулосага келган.
У қуйидаги босқичларда ривожланади: 0–2 ёшда (сенсор-мотор босқич) — бола ушлаб кўриш, эшитиш орқали сезги органлари дунёни англайди.
2–7 ёш орасида — уларнинг тасаввури кучая бошлайди ва бола эртакларга ишонади. 7–11 ёшда — боланинг саволлари кўпаяди, “нега?”, “нима учун?” каби саволларни кўп беради.
11 ёшдан кейин (конкрет операциялар босқичи) — болада чуқур ўйлаш ва ҳар бир вазиятни таҳлил қилиш қобилияти кенгая бошлайди, мураккаб фикрларни ҳам тушуна олади.
Қайси ёшда қандай китоб ўқилиши керак? Энди энг муҳим саволга келсак: 0–3 ёш расмларга бой, рангли ва қисқа матнли саҳифали китоблар бу ёшдаги боланинг соғлом биологик даражасига жуда мос келади ва унда кўриш орқали ҳис қилиш осонлашади.
3–6 ёш – бу даврда эртаклар ва қаҳрамонли ҳикояларни ота-оналар кўпроқ мутолаа қилиб беришлари жуда муҳим. Сабаби, боланинг тасаввури кучли бўлади ва у атрофдаги ҳар қандай воқеага диққат билан қарайди. 7–10 ёшда саргузаштли китобларни ўқиб бошлаши энг тўғри усуллардан бири. Чунки бу каби китоб воқеалари қизиқарли бўлади, натижада бола ўз хоҳиши билан мутолаага шўнғийди.
10–14 ёш – илмий-оммабоп, детектив ва мантиқий асарлар жуда қўл келади. Шубҳасиз, бола бу китоблар орқали фикрлашни ўрганади. 14 ёшдан кейин классик адабиёт, психология ва ҳаётий китобларни тушунишни, фарқлай олишни билади ва бола ўзини тушунишни бошлайди.
Нима учун тўғри китоб танлаш муҳим? Бу жуда оддий, лекин муҳим ҳақиқат. Агар китоб қийин бўлса, бола тушунмайди. Агар зерикарли бўлса, бола ўқишни ҳам хоҳламайди. Бироқ китоб боланинг ёшига мос бўлса, у китобни севиб ўқийди.
Тўғри китоб танлаш - фикрлашни очади, тасаввурни кенгайтиради, нутқни бойитади, шахс сифатида болага ишонч беради. Энг муҳими, бола китобни мажбурият эмас, қизиқиш сифатида қабул қилади.
Бугунги кунда болаларни ҳайратлантириш осон эмас, чунки улар турли имкониятлар ичида улғаймоқда. Лекин китобнинг ўзига хос дунёси бор — унда мақсад, фикр ва ҳурмат мавжуд. Шу сабабдан ота-оналар фарзандлари учун китоб танлашда бефарқ бўлмасликлари керак. Болани китоб ўқишга мажбурлаш шарт эмас. Шунчаки унга мос китобни топиб бериш етарли.
Меҳрибону Тўлқинова,
ЎзА