Сувдан оқилона ва мақсадли фойдаланиш – барқарорлик кафолати
Сув ресурслари ҳар бир мамлакатнинг иқтисодиёти ва экологияси учун асосий омиллардан бири ҳисобланади. Уларнинг самарали бошқарилиши, иқтисодий ривожланиш, экологик барқарорлик ва аҳоли фаровонлиги учун муҳимдир. Глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ортиши, саноат ва қишлоқ хўжалиги фаолиятининг кенгайиши сувга бўлган талабни сезиларли даражада оширмоқда.
Жаҳон аҳолиси тез ўсиб бориши натижасида 2030 йилга бориб талаб ва мавжуд сув таъминоти ўртасидаги 40 фоиз тақчилликка дуч келиши, 2050 йилга бориб 10 миллиард аҳолини озиқлантириш учун қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни 50 фоизга (бу бугунги кунда ресурснинг 70 фоизини истеъмол қилади) ва сув олиш ҳажмини 15 фоизга оширишни талаб қилиши башорат қилинмоқда. Дунё аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи сув танқис бўлган ҳудудларда яшайди ва дунё ялпи ички маҳсулотининг тахминан 1/4 қисми бу муаммога дуч келиши, 2040 йилга келиб, ҳар тўрт боладан бири ҳаддан ташқари сув танқислиги бўлган ҳудудларда яшаши кутилмоқда. Сув ресурслари билан таъминлаш ва ундан оқилона фойдаланишни бошқариш бугунги кунда кўплаб мамлакатлар учун катта ва тез-тез ўсиб бораётган муаммодир. Бундан ташқари, сурункали сув танқислиги, гидрологик ноаниқлик ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари (сув тошқини ва қирғоқчилик) глобал фаровонлик ва барқарорлик учун энг катта таҳдидлардан бири сифатида қабул қилинади. Сув танқислиги ва қирғоқчилик мамлакатлар ўртасида можароларнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.
Яқин вақтгача Марказий Осиё республикалари сув ресурсларидан минтақани ягона марказ томонидан бошқариладиган иқтисодий макон сифатида кўриб чиқувчи тақсимот схемаси доирасида ишлатиб келган. Бироқ ҳозирда минтақадаги сиёсий ва иқтисодий вазият тубдан ўзгарди. Суверен давлатларнинг ҳар бири, биринчи навбатда, ўз миллий манфаатларини кўзлаб, мавжуд сув ресурсларидан максимал даражада фойдаланишга интилади. Худди шундай ҳолатлар дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам учраб туради, бу эса халқаро ҳуқуқ нормалари асосида трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларини бошқариш назариясини ишлаб чиқишни тақозо этади. Бу йўлда трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларини бошқариш назарияси учун асос сифатида келишилган қарорлар қабул қилишнинг математик моделларини ишлаб чиқиш, айниқса, долзарб муаммога айланади.
Минг афсуски, иқлим ўзгариши, сув таъминоти ва суғоришга бўлган талабнинг ортиши туфайли Марказий Осиёда сув ресурслари танқислиги кузатилмоқда. Шу билан бирга, аҳоли эҳтиёжларини ва иқтисодий ўсишни таъминлаш учун сувга бўлган талабнинг ортиб бориши қишлоқ хўжалиги секторига қўшимча босим туғдирмоқда. Бу сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни талаб қилади. Бундай шароитда сув ресурсларини самарали ва барқарор бошқариш стратегик устувор вазифага айланиб, бу минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёнинг глобал сув айланишидаги ролига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
2026 йил 25-26 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган халқаро форумда экспертлар кузатилаётган ушбу муаммоларга жавоб излади. Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташаббус қилинган ва ташкил этилган мазкур форум тажриба алмашиш, инновацион ёндашувларни муҳокама қилиш ва сув ресурсларини бошқариш бўйича қўшма стратегияларни ишлаб чиқиш учун муҳим имконият яратди. “Tashkent Water Week-2026” форуми давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, етакчи олимлар, бизнес ва экспертлар ҳамжамиятини бирлаштириб, трансчегаравий сув хавфсизлиги муаммоларини муҳокама қилиш, инновацион бошқарув ва технологик ечимларни намойиш этиш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий стратегияларни ишлаб чиқиш учун платформа яратди. Форум минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда узоқ муддатли сув ва иқтисодий ривожланишни таъминлайдиган барқарор сувдан фойдаланиш моделларини илгари суришга қаратилган.
2023 йилдан бери Евроосиё тараққиёт банки Марказий Осиёдаги сув вазиятини баҳолаб, мавжуд сув таъминоти тизимлари жиддий даражада эскиргани, бу эса суғоришда деярли 40 фоизгача, ичимлик сувини етказиб беришда эса 55 фоизгача йўқотишларга олиб келаётганини қайд этган эди. Сув истеъмолида асосий ўринни қишлоқ хўжалиги, энергетика ва саноат эгаллайди. Музликларнинг эриши ва қишлоқ хўжалиги чиқиндилари умумий ресурсларни чарчатмоқда ва агар минтақада самарали бошқарув йўлга қўйилмаса, бу давлатлараро муносабатларни ёмонлаштириши мумкин.
Танқислик кучаяётганига қарамай, Марказий Осиё давлатлари вазиятни ўзгартиришга қаттиқ киришган. Мулоқотларда сувдан самарали фойдаланиш ва ҳамкорликни ривожлантиришга урғу берилаётир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2026-2036 йилларни Марказий Осиёда сувдан самарали фойдаланиш бўйича амалий чора-тадбирлар декадаси деб эълон қилиш таклифини 2025 йил ноябрдаги Марказий Осиё давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида билдирган эди. Бунинг учун Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, мамлакатлар иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши, турмуш шароитларини яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида сув сиёсатида замонавий чақириқларга йўналтирилган реал амалий қадамларни қўйишлари лозим. Аммо амалиётда ҳаммаси бошқача кечмоқда. Минтақа мамлакатлари минтақавий ҳамкорлик йўналишини эълон қилсада, миллий даражада «сув эгоизми»га амал қилмоқдалар. Масалан, Қирғизистонда жорий йилнинг 1 январидан бошлаб Сув кодекси кучга кирди. Ушбу ҳужжатда Қирғизистон томони сув ресурслари нафақат ички, балки ташқи истеъмолчилар учун ҳам товар эканлигини ва бундан келиб чиқадиган оқибатларни қайд этди.
Сувни эҳтиёткорлик билан сарфлашга қаратилган сиёсатни амалга ошириш ҳам осон эмас. Барча давлатларда эълон қилинган сувни тежайдиган технологияларга ва кам сув талаб қиладиган ўсимлик маданиятларига ўтиш катта харажатларни талаб қилади. Аммо уларни жорий этиш учун зарур молиялаштириш билан давлатлар жиддий муаммоларга дуч келяпти.
Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари сув муаммосини муҳокама қилиб, пессимистик прогнозлар берар эканлар, вазият янада ёмонлашмоқда. Кўпгина Марказий Осиё давлатларида сув ресурслари танқислигининг иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий соҳага салбий таъсирини кўрсатувчи баҳолар қилинган. Масалан, Ўзбекистон президенти таъкидлаганидек, намлик йўқотилиши туфайли зарар ҳар йили 5 млрд. долларни ташкил этади ва яқин йилларда сув танқислиги мавжуд эҳтиёжларнинг 25-30 фоиз даражасида бўлади. Бундай сценарий албатта, нафақат минтақа давлатлари ривожига, балки Марказий Осиёдаги давлатлараро муносабатларга ҳам таъсир кўрсатади.
Марказий Осиёда сув ресурслари танқислиги сурункали тус олди. Сув ресурслари туфайли мамлакатлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низолар ҳақидаги огоҳлантиришлар тобора тез-тез янграётган бўлсада, ушбу муаммони ҳозирча ҳал этишнинг имкони бўлмаяпти. БМТнинг Сув ресурслари, атроф-муҳит ва саломатлик институти томонидан жорий йилнинг январида эълон қилинган «Глобал сув банкротлиги: инқироздан кейинги даврда гидрологик имкониятларимиздан ташқаридаги ҳаёт» номли ҳисоботдаги хулосалардан бири шундан иборатки, «дунё глобал сув банкротлиги даврига кирди, унда муҳим сув тизимлари ортга қайтариб бўлмайдиган даражада шикастланган ва инсониятнинг ортиб бораётган эҳтиёжларини бошқа қондира олмайди». Айрим халқаро институтлар эса минтақадаги вазиятни баҳолаб, Марказий Осиёда сувнинг кескин танқислиги 2028 йилга бориб юзага келишини таъкидлаган. Сув муаммолари ва зиддиятлар сабаблари батафсил гапириляпти, аммо асосий тезис жуда оддий – сувнинг миқдори камайди. Бу охирги 50 йил ичида тахминан 410 млн. гектар табиий сув-ботқоқ майдонларининг йўқ қилинишига олиб келди ва Марказий Осиё ҳали «нол кун» яъни сувнинг фожиавий танқислиги нуқтасига етмаган бўлсада, воқеаларнинг траекторияси аён.
Сув инфратузилмасини модернизация қилиш ва умумий дарёларни биргаликда бошқариш бўйича кескин чораларсиз Марказий Осиёнинг мегаполислари – Тошкент, Бишкек, Остона ва Душанбе қайтариб бўлмайдиган инқироз чегарасида қолиши мумкин. Сўнгги йилларда сув ресурслари танқислиги кучайиши шароитида Марказий Осиёда вазиятнинг қандай ривожланиши тўғрисида кўплаб сценарийлар бор. Улар барчаси сув етишмаслиги аҳолининг мамлакат ичида ҳамда хорижга миграциясига олиб келиши ва ниҳоятда минтақада давлатлараро можароларни келтириб чиқариши мумкинлиги бўйича ягона хулосага келади. Тожикистондаги сув муаммоси узоқ вақтдан бери оддий ҳолдек қабул қилинарди. Помир музликлари ва мамлакатнинг Марказий Осиёнинг энг йирик дарёлари бошида жойлашганлиги барқарорлик ҳиссини яратди. Бироқ бугунги воқелик шуни кўрсатадики, бу табиий омилларнинг ўзи етарли эмас. Иқлим ўзгариши, истеъмолнинг ортиши ва сувни бошқаришдаги муаммолар мамлакатни тобора заифлаштираётганини ҳам қўшимча қилиш лозим.
Мутахассислар сув сиёсатини шошилинч қайта кўриб чиқмасдан, Марказий Осиё пойтахтлари Теҳрондаги каби инқирозга дуч келиши мумкинлигини бот-бот ёдга оляпти. Масалан, 2025 йил охирида Nightingale Intelligence башорат агентлиги хавотирли башоратларга тўла тадқиқотни эълон қилди: Марказий Осиё пойтахтлари сув секторида шошилинч ислоҳотлар амалга оширилмаса, Теҳронда аллақачон содир бўлаётган сув етишмовчилигига ўхшаш сув инқирозига дуч келиши мумкин. Минтақанинг сув тизими асосан Помир ва Тян-Шан тоғларининг музликлари билан озиқланадиган иккита дарёга – Амударё ва Сирдарёга таянади. Бироқ музликлар 1960 йиллардан бери ўз массасининг катта қисмини йўқотди ва дарёларнинг ҳолати тобора олдиндан айтиб бўлмайдиган бўлиб бормоқда, бу эса сув танқислигининг узоқ муддатли хавфини оширмоқда. Муаммо нафақат иқлим ўзгариши туфайли сув ресурсларининг камайиб кетишида, балки қишлоқ хўжалигида ҳам, шаҳарларда ҳам сувдан жуда самарасиз фойдаланишда ҳам эканлигини унутмаслик керак. Теҳрон сценарийси, худди "Мехико-Сити сценарийси" каби, шаҳар сув тизимларига чучук сув етказиб беришнинг кескин камайишини ўз ичига олади.
Минтақамизда инфратузилмаларнинг ҳолати кўпинча яқинлашиб келаётган инқирознинг биринчи огоҳлантирувчи белгиси бўлиб хизмат қилади. Бу бахтсиз ҳодисалар ва узилишларнинг кўпайиши, энг юқори соатларда босимнинг пасайиши, сув сифатининг ёмонлашиши ва режали сув таъминоти мавжуд ҳудудларнинг кенгайишида намоён бўлади. Юқори истеъмол қўшимча юкланишни келтириб чиқаради. Тадқиқотларга кўра, Тошкентда ўртача кунлик сув истеъмоли бир киши учун 230-270 литрни, энг юқори даврларда эса кунига 400 литргачани ташкил қилади. Таққослаш учун, турмуш даражаси ўхшаш бўлган Европа шаҳарларининг аксариятида бу кўрсаткич 140-150 литрни ташкил қилади. Техник йўқотишлар ва юқори талаб шунчаки, бу сув ресурсларини ёмон бошқариш билан боғлиқ чуқурроқ муаммонинг натижаси, десак тўғрироқ бўлади. Сувни бошқариш идоралари эса кўпинча маблағ етишмовчилигига дуч келади ва тарифлар хизматларнинг ҳақиқий нархини акс эттирмайди. Натижада, коммунал хизматлар тармоқни модернизация қилишга ёки ҳатто асосий техник хизмат кўрсатишга маблағ сарфлай олмайди. Вазият сув олиш ва йўқотишларни комплекс мониторинг қилишнинг йўқлиги билан янада оғирлашмоқда, бу эса самарали бошқарувни деярли имконсиз қилади.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни бошқариш тизимини яратиш бугунги кунда урбанизация суръатларининг ошиши, эскирган инфратузилма ва коммунал хизматларнинг сифатсизлиги оқибатида юзага келаётган муҳим муаммолардан бири ҳисобланади. Ушбу омиллар сувга бўлган талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликни кучайтириб, сув ресурсларининг ифлосланиши каби салбий жараёнларни келтириб чиқармоқда. Мазкур масалаларни халқаро, миллий ва минтақавий даражада ҳал қилишда узоқ муддатли стратегиялар ишлаб чиқиш, шаҳарларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш зарур. Бугунги кунда сув билан боғлиқ муаммолар шу даражада етдики, дунё сув инқирози ва сув ресурсларини бошқариш тизимининг инқирози ҳақида гапириш заруратига дуч келмоқда. Айниқса, шаҳар сув ресурслари тўғри бошқариш фақат шаҳар иқтисодиётининг изчил ривожланиши эмас, балки глобал иқлим ўзгаришининг табиий экотизимларга кўрсатадиган салбий таъсирини камайтиришда ҳам муҳим омил бўлиши мумкин.
Аммо сув инқирози ҳал қилишнинг самарали усулларини аниқлашдан олдин, сувни бошқариш тушунчасини аниқ белгилаш лозим. Бу атама фақат сувни тежаш ёки ресурсларни захиралашни эмас, балки уларни тизимли бошқариш, оқилона тақсимлаш ва экологик барқарорликни таъминлашни ҳам ўз ичига олади. Шундай комплекс ёндашув сув инқирозига қарши курашда асосий йўналиш бўлиши лозим. Бизнинг фикримизча, у сув соҳасида қарорлар қабул қилинадиган ва амалга ошириладиган сиёсий, институционал ва маъмурий қоидалар, амалиёт ва жараёнлар (расмий ва норасмий) доираси; манфаатдор томонлар ўз эҳтиёжларини ифодалайди; қарор қабул қилувчи органлар сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш учун жавобгардир, қонун ҳужжатлари ва нормаларнинг бажарилишини назорат қилади.
Сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш учун қуйидаги асосий тамойиллар ва ёндашувлар долзарб ҳисобланади: сув ресурсларини бошқаришда узоқ муддатли экологик, иқтисодий ва ижтимоий омиллар уйғунлигини таъминлаш муҳимдир. Қарорлар нафақат жорий эҳтиёжларни, балки келажак авлодлар манфаатларини ҳам ҳисобга олиши керак. Ресурслардан фойдаланишда тенг имкониятлар яратиш орқали ижтимоий мувозанатни сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир инсон ва сектор учун етарли миқдорда ва керакли сифатда сув етказиб бериш тизимини шакллантириш асосий вазифа ҳисобланади. Сув ресурслари бошқаруви бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнига фуқароларни фаол жалб этиш ва уларни маълумот билан таъминлаш орқали ресурслардан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш лозим. Сув ресурслари бошқаришда давлат, хусусий сектор ва жамоатчилик ўртасидаги шаффоф ва самарали ҳамкорлик муҳитини яратиш зарур. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ифлосланиш даражасини пасайтириш ва сув экотизимларини сақлаб қолиш бошқарувнинг ажралмас қисми бўлиши лозим. Сув ресурсларидан фойдаланишда иқтисодий самарадорликка эришиш, исрофгарчиликнинг олдини олиш ва харажатларни оптималлаштириш долзарбдир. Инфратузилмани модернизация қилиш ва сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш учун инвестицияларни жалб этиш ва самарали молиявий режалар тузиш талаб қилинади. Инновацион ечимлар ва илғор технологиялар ёрдамида сув таъминоти ва бошқарув тизимини такомиллаштириш барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур тамойиллар интеграциялашган бошқарув механизмларини шакллантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни ташкил этишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Сув ва энергетика сиёсати ҳамда тартибсиз урбанизация сиёсати ўртасидаги мувофиқлаштиришнинг йўқлиги айниқса, хавфлидир. Шаҳарлар инфратузилмадан тезроқ ўсиб, йўқотишлар юқори бўлиб қолганда, тизим мутлақ сув танқислиги туфайли эмас, балки бошқарув муаммолари туфайли бузилади. Сув истеъмоли энг юқори бўлган жойларда – Марказий Осиёда сувнинг асосий истеъмолчиси бўлиб қолаётган қишлоқ хўжалигида бошқарувнинг сустлиги кескин намоён бўлади. Шу билан бирга, ерости сувлари сатҳи пасаймоқда, тупроқ сифати ёмонлашмоқда, шўрланиш кучаймоқда ва экотизимлар ёмонлашмоқда. Бу жараёнлар ҳозирда Орол денгизи ҳавзасида энг сезиларли бўлсада, тадқиқотчилар охир-оқибат шаҳарларга ҳам таъсир қилиши ҳақида огоҳлантирмоқдалар.
Суғориш тизимидаги сув оқимининг ҳар қандай камайиши фермерларнинг даромадларига, сув ва электр энергиясидан фойдаланишга босим кўрсатмасдан қолмайди. Энг ёмони, сув етишмовчилиги ортидан ҳосилдорлик ва даромадларнинг пасайиши одамларни аста-секин кўчиб кетишга мажбур қилади, аввал мавсумий, кейин эса доимий. Бу “сокин” миграция деб аталади – аввал қишлоқлардан шаҳарларга, кейин эса мамлакат ташқарисига. Агар сув билан боғлиқ вазият ёмонлашишда давом этса, сув тизимлари ҳаддан ташқари кўп бўлган шаҳарларга босим кучаяди.
Иқлим ўзгариши ва тоғларда қор қатламининг камайиши фонида хавфлар бир неча жиҳатдан ортиб бормоқда. Бу геосиёсий кескинликни кучайтиради. Шу боис, ҳар қандай давлат учун сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш устувор вазифалардан бирига айланган. Бу нафақат қишлоқ хўжалиги ва саноатда самарадорликни ошириш, балки сув таъминоти манбаларига юкламани камайтириш ва инсонлар учун барқарор ҳаёт муҳитини сақлаш имконини беради. Шу маънода, сув ресурсларидан самарали фойдаланишда, аввало, давлат сиёсати ҳамда ҳамжиҳатлик муҳим ҳисобланади. Бунда сувни тежайдиган технологияларнинг самарадорлиги ва иқтисодий аҳамияти беқиёс, деб ўйлайман. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни рағбатлантириш бўйича янги тартиблар жорий этилгани эътиборга молик. Сув тежайдиган технологиялар сувни тўғридан-тўғри ўсимлик илдизига етказиш, буғланиш ва ер усти оқимида йўл қўйиладиган исрофгарчиликни камайтиришга ёрдам беради. Масалан, томчилатиб суғориш билан сув ўз вақтида ва аниқ миқдорда етказилади, ёмғирлатиб суғориш эса майдонларда сувни бир текис тақсимлаш имконини яратади. Шунингдек, лазерли текислашда суғориш майдонлари яхшироқ ҳамда самарали суғорилади. Рақамлар билан изоҳлаганда, мазкур қарорда 2026-2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини 3,5 миллион гектарга етказиш асосий мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган. Жумладан, 220 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш натижасида сувни тўғридан-тўғри ўсимлик илдизига етказиш, буғланиш ва ер усти оқимида йўл қўйиладиган исрофгарчиликни камайтириш, 110 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш ва 600 минг гектар майдонни лазерли текислаш орқали суғоришда сувни самарали ва бир текис тақсимлаш имконияти яратилади. Бундай технологиялар йилига 5 миллиард метр куб сувни тежаш имконини беради.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 февралдаги “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон - 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ҳам бу масала устувор йўналиш сифатида белгиланган. Фармонда экологик мувозанатни сақлаш ва сувдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган асосий тадбирлар кўрсатиб ўтилган. Жумладан, очиқ дренаж, коллектор ва каналларни ёпиқ тизимларга ўтказиш билан сув йўқотилишини камайтириш, 504 минг гектар майдонда сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш асосида йилига 5 миллиард куб метр сувни тежаш, шунингдек, 1,3 минг километр каналлар ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш натижасида қўшимча 500 миллион метр куб сувни тежаш имкониятлари яратилади. Айтиш керакки, бу чора-тадбирлар нафақат сув ресурсларини тежаш, балки қишлоқ хўжалиги майдонларини самарали суғориш, экотизимларни сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Энг асосийси, минтақа давлатлари хавфларни тўлиқ англаб, инқироз олдини олишда ҳамкорлик қилаётганидир. Олайлик, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида Қамбарота ГЭС-1 лойиҳасини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги битим минтақанинг сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш амалиётида янги саҳифа очгани қардошларча ҳамкорликнинг ёрқин далилидир. Тошкент ва Бишкек ўртасида Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги келишув оқилона муросага мисол бўла олади. Ўзбекистон ва Тожикистон иштирокида Зарафшон дарёсида Ёвон ва Фондарё ГЭСларини қуриш бўйича ҳамкорлик олдинга силжимоқда, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида Баҳри Тожик сув омборини вегетация даврида келишилган тартибда ишлатиш бўйича келишувларга эришилди. Туркманистон билан ҳукуматлараро битим доирасида Амударё сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича келишувга эришилди. Бу сув ресурсларини биргаликда бошқаришни яхшилайди ҳамда экологик муаммолар хавфини камайтиради. Буларнинг барчаси ишонч, ўзаро манфаатдорлик ва умумий ресурсларга адолатли ёндашувга асосланган янги ҳамкорлик руҳини шакллантирмоқда. Бундай лойиҳалар аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш ва минтақанинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очмоқда.
Машъал Саидов,
Шаҳрисабз давлат педагогика институти ректори,
профессор и.ф.д.