Кечирилмас хато
Инсон зоти хато қилишга мойил. Онгли кишига аслида адашганлари ҳикмат вазифасини ўтайди. Бироқ, хатодан чиқарилмаган тўғри хулоса нафақат адашувчига, балки унинг атрофидагиларига, яқинларига ҳам қимматга тушмоғи мумкин. Аслида хатолар ҳам гўзал. Қачонки улар тузатилса ва такрорланмаса.
Аммо шундай иллатлар борки, хато дейишнинг ўзи етарли эмас. Ҳатто уни кечириш ҳам имконсиз. Бу ҳам бўлса, ёлғончиликдир. Донишмандларнинг фикрича, барча салбий иллатларнинг ота-онаси бу - ёлғон. Ёлғон сўзлайдиган кишидан ҳамма нарса кутса бўлади.
Юқорида таъкидланганидек, инсон қанчалик хатокор бўлса, шунчалик ишонувчан ҳам. Шунинг учун ҳам ҳақиқатни аччиқ, ёлғонни эса ширин дейишади. Оддий туюлган шу ҳолатни Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов қуйидагича талқин қилган:
Яхшидир аччиқ ҳақиқат,
Лек ширин ёлғон ёмон.
Шу ширин ёлғонга мендек,
Алданиб қолғон ёмон.
Жамият қачон тарқоқликка юз тутади? Қачонки одамлар ўртасида ишонч йўқолса. Ишончсизлик бутун инсоният учун энг хавфли иллат. Негаки, ҳар қандай ҳамкорликлар-у алоқалар биринчи навбатда ишонч устига қурилади. Муқаддас китобларда ҳам ёлғончилик қораланади.
Ўзбек халқи нафақат бағрикенглиги-ю меҳмоннавозлиги, балки мардлиги, ростгўйлиги ва лафзи ҳалоллиги билан ном қозонган. Шунинг учун ҳам миллатимизга бўлган ҳурмат юксак. Бунга йирик халқаро анжуманларда бот-бот амин бўлмоқдамиз. Зеро, бошингга қилич келса ҳам рост сўзла, деган мақол бежиз айтилмаган халқимизда.
Хулоса қилиб айтганда, инсониятнинг энг катта душманларидан бири бу айнан ёлғондир. Ёлғон аралашган ҳар қандай муносабатнинг охири вой. Шунинг учун ҳам қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетмоқда. Бунинг олдини олишнинг ягона йўли маънавиятни юксалтириш. Бунга эса фақат китоб ўқиш орқалигина эришмоқ мумкин. Ҳар қандай ислоҳот негизида улкан мақсадлар мужассам.
Шу маънода юртимизда кенг тарғиб этилаётган китобхонлик ҳам айни шундай иллатларни камайтиришга қаратилган бўлса, не ажаб. Чунки ёшлар маънавияти салбий иллатлардан холи шакллантирилса, келажак ҳам буюк бўлгай.
Шербек Исломов
ЎзА