Янгиланаётган Наманган
Ташрифдан ташрифгача
Бунёдкорлик, ободлик, фаровонлик ва тараққиёт. Бу устувор жиҳатлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудларга ташрифида ўз ифодасини топиб, энг аввало, халқимиз турмуш даражасини юксалтириш, шаҳар ва туманларнинг мавжуд имкониятларидан оқилона фойдаланиш орқали иқтисодиёт ҳамда инфратузилмани ривожлантириш, бир сўз билан айтганда, инсон қадрини улуғлашда муҳим ўрин тутади, албатта.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 25-26 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида бир қатор истиқболли инвестиция лойиҳалари билан танишиб, вилоятда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, уй-жойга бўлган эҳтиёжни тўлақонли қондириш, ёшлар таълим-тарбияси, кичик бизнес ва тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини тараққий эттириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берган эди.
Наманган нафақат гўзаллик ва нафосат, балки саноат салоҳияти, замонавий ишбилармонлик ва интеллектуал юксалишлар маскани сифатида тобора юксалиб бормоқда. Табиат ва инсон, анъана ва инновация, маҳорат ва технология уйғунлашган бу заминда ҳар бир қадам тараққиёт, ҳар бир ташаббус эса илғор мақсадлар сари йўналтирилган. Бинобарин, азалдан ишбилармонлик руҳи, меҳнатсевар инсонлари ва ўзига хос ҳунармандчилик анъаналари билан довруқ қозонган Наманган мамлакат раҳбари томонидан тадбиркорлар юрти, кичик бизнес ва саноат маркази сифатида эътироф этилиши ҳам бежиз эмас.
Вилоятда сўнгги йилларда енгил саноат йўналишида – тўқимачилик, трикотаж, пойафзал, аксессуарлар ва маиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаларида туб янгиланишлар кузатилмоқда. Янги ташкил этилган замонавий корхоналар, жорий этилган илғор технологиялар ва халқаро ҳамкорлик асосида ишлаб чиқарилаётган экспортбоп маҳсулотлар саноат салоҳиятини янада оширмоқда. Наманган айни йўналишдаги ютуқлари билан нафақат республика, балки халқаро бозорда ҳам муносиб ўрин эгаллаб бормоқда.
Жорий йилда вилоятда барча имкониятлар ишга солиниб, экспорт ҳажмини 970,7 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 111,1 фоиз ўсиш демак. Жорий йилнинг етти ойида 371,1 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилган. Мазкур экспорт кўрсаткичлари 385 корхона томонидан 512 турдаги маҳсулотлар 48 давлатга етказиб берилганини кўрсатади.
Айтиш жоизки, охирги саккиз йилда вилоят иқтисодиётига жами 4,8 миллиард доллар хорижий инвестиция маблағлари жалб этилиб, бу 2017 йилга нисбатан 150 баробар кўпдир. Фақатгина 2024 йилнинг ўзида 3 миллиард долларлик чет сармоялари ўзлаштирилди, натижада саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 5,7 триллион сўмдан 2024 йилда 31,9 триллион сўмга, яъни 5,5 баробарга ошди.
Шуни таъкидлаш керакки, тадбиркорлик субъектлари сони 18 мингдан 38,5 мингга етди. Улар орқали 500 мингга яқин аҳоли бандлиги таъминланди. Вилоятда 26,1 мингта микро ва кичик, 778 та ўрта ҳамда 103 та йирик корхона фаолият юритмоқда. Тадбиркорларга ажратилган кредит маблағлари 2018 йилдаги 1,5 триллион сўмдан 2024 йилда 4,7 триллион сўмга етди. Жорий йилда 10 триллион сўмдан зиёд кредит ажратилиши белгиланган. Вилоятда 2025 йилнинг биринчи ярмида 318,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, 360 дан зиёд корхона 46 та давлат бозорига маҳсулот етказиб берди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104,2 фоизга ўсгани, изчил тараққиётга эришилаётгани, янгиланаётган Наманган саноат ва тадбиркорлик тараққиётининг жадал нуқтаси эканлигини англатади. Айниқса, тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари экспортда етакчи ўринни эгалламоқда. Хомашё ўрнига тайёр маҳсулотлар улуши сезиларли даражада ортди. Экспорт таркибидаги хомашё маҳсулотлари улуши 45 фоиздан 28 фоизга тушди, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улуши эса 85 фоизга етказилди.
Қишлоқ хўжалигида ҳам сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Биргина мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 15 фоиздан 23 фоизга етказилиши режалаштирилиб, шу орқали 40 миллион долларлик қўшимча экспорт таъминланади. 107 минг тонналик янги қайта ишлаш қувватлари ишга туширилади. Янги экспортчилар сафининг кенгайиши яна бир муҳим натижа. 85 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, 60 турдаги маҳсулот илк бор экспорт қилинди. Технологик ускуналар, заргарлик буюмлари, хўжалик моллари, газоблок ва кунгабоқар каби янги товарлар ташқи бозорда ўз ўрнини топа бошлади. Молиявий қўллаб-қувватлаш ҳам сезиларли самара бермоқда. 55 та корхонага 13,4 миллиард сўм субсидия ажратилиб, 56,6 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.
Вилоятда экспорт географиясини 60 та давлатгача кенгайтириш, товарлар номенклатурасини 38 тагача ошириш бўйича аниқ мақсадлар белгиланган. Ушбу жараёнда “GSP+” тизими доирасида Европа Иттифоқи мамлакатларига 17,1 миллион долларлик маҳсулот етказилди. Россия Федерацияси ҳозир асосий экспорт бозори бўлиб, 66 фоизлик улушга эга. Туркия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Германия билан ҳам савдо ҳажми ортиб бормоқда.
Иқтисодий ислоҳотлар самарасида Наманган саноати янги босқичга кўтарилди. 2025 йил якунлари билан вилоятда 970,7 миллион долларлик экспортни амалга ошириш режалаштирилган.
Наманган республикамизнинг тўқимачилик саноат тармоғи жадал ривожланган ҳудуди эканлигидан келиб чиққан ҳолда, бизнес субъектларининг аксарияти тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари ҳиссасига тўғри келади. 805,8 гектар ер майдонга эга бўлган саноат зоналарига қиймати 8,8 триллион сўмлик 1 минг 285 та лойиҳа жойлаштирилган. Истиқболли бизнес лойиҳалар тўла қувват билан ишга тушиши ҳисобига келгусида 63 минг 895 та янги иш ўрни яратилади. Ҳозирги кунга қадар қиймати 6,3 триллион сўмлик 1086 та лойиҳа ишга туширилиб, 56 минг 592 та янги иш ўрни яратилган.
Мамлакатимиз раҳбари ташриф буюрган Уйчи туманидаги Қумтепа маҳалласи ҳудудидаги ташландиқ ва чуқур бўлган 3,1 гектар майдонда ташкил этилган темирчиликка ихтисослашган ёшлар кичик саноат зонасида илк босқичда жами 38 миллиард сўмлик 52 та истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Натижада 500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Қумтепа, Деҳқон, Баландариқ ва Жийдакапа маҳаллаларидаги хонадонларда уста-ҳунармандларга темир дарвозалар, ўриндиқлар, сўрилар каби металлдан турли хилдаги буюмлар ишлаб чиқариш учун барча зарур шароит ва имкониятлар ҳозирланди. Мазкур саноат зонасида 2024 йил апрел ойидан ҳозирги кунга қадар 10 минг 250 та темир дарвоза, 2 минг 852 та сўри, 3 минг 578 тебранма качела, 585 ўриндиқ, 1 минг 270 навес тайёрланиб ишлаб чиқариш ҳажми 155 миллиард сўмни ташкил этди. Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерациясига 320 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Вилоятда яна бир эътиборли йўналиш – замон талаби бўлган муқобил энергия ишлаб чиқариш борасида ҳам бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Поп туманида давлатимиз раҳбари ташрифида старт берилган, Германия компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Next Solar” корхонаси томонидан қиймати 350 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 500 МВт қувватга эга бўлган қуёш фото электростанциясини қуриш давом этмоқда. Уйчи ва Норин туманларини бир-бирига боғловчи ҳудудда жойлашган Норин дарёсида “Норин ГЭСлар каскади” қурилиши лойиҳаси муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлиб, аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондиришда улкан иншоотдир. Айни кунларда бунёдкорлик ишлари қизғин олиб борилаётган каскад олтита ГЭСдан иборат бўлиб, ҳар бирининг қуввати 38 МВтни ташкил қилади.
Президентимиз ташриф буюрган Наманган халқаро аэропорти кейинги йилларда тубдан ўзгариб, айни дамда улкан қурилиш майдонига айланган. Водий “ҳаво дарвозаси” ҳисобланган тайёрагоҳда давлат-хусусий шерикчилик асосида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида янги терминал, кейтеринг, хўжалик бинолари қурилиб, аэропортнинг йўловчи терминали қуввати соатига 1 минг нафарга етказилади. Шунингдек, водийда ягона саналган “Cаrgo” тизими тадбиркорлик, экспорт ва транзит салоҳиятини оширади.
Албатта, бундай катта ҳажмли ишларни амалга ошириш биринчи галда иқтисодий ривожланиш билан бевосита боғлиқ. Яқин йилларгача ҳам дотацияда турган Наманган вилоятининг бугунги тараққиётида иқтисодий ютуқларнинг улуши беқиёс. Таъкидлаш жоиз, саккиз йил аввал вилоятда кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони 18 мингта бўлган бўлса, бугунги кунда 38,5 мингга етди ёки 2,1 баробарга кўпайди. Кейинги йилларда маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун яратилган қулай инвестиция муҳити натижасида инвестициялар ҳажми йилдан-йилга ортмоқда.
Хусусан, сўнгги саккиз йилда 4,8 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилиб, 2017 йилга нисбатан ўсиш 150 баробарга ортди. Биргина Германиянинг “Хелаба” банки иштирокида “Ифтихор” кийим саноати корхонаси 198 миллион доллар, Туркия инвесторлари томонидан “Coca-Cola Ichimligi Namangan” хорижий корхонаси 60 миллион доллар, Хитой сармоядорлари ташаббуси билан “Мегатон” корхонаси 40 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштирди.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва инфратузилмани ривожлантириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Қайд этиш жоизки, 2017-2024 йилларда 19 минг 121 хонадонли 561 кўп қаватли уй барпо этилди. Жорий йилда давлат дастури асосида 8 минг 500 хонадонли 170 та кўп қаватли уй-жой қурилиши белгиланган. Шундан 1 минг 712 хонадонли 34 уй “Янги Ўзбекистон” массивларида барпо этилмоқда. Бугунги кунга қадар 1 минг 997 хонадонли 46 уй фойдаланишга топширилди. Масалан, Чуст туманидаги Гулзор маҳалласида 300 хонадонли 15 та кўп қаватли уй, врачлик пункти ва иккита мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Халқимиз фаровонлигини яхшилаш, хусусий тадбиркорликнинг кенг қулоч ёйиши, бандликни таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани ишсизлик ва камбағаллик даражасини қисқартиришга имкон яратди. Эътиборлиси, 2021 йилда мамлакатимизда илк бор камбағал аҳоли сони очиқланганда, Наманган вилоятида камбағаллик даражаси 15,7 фоизни ташкил этиб, 104,5 мингта оиладаги 459,9 минг нафар аҳоли камбағал тоифада ҳисобланган эди. Ўтган қисқа давр ичида аҳоли билан манзилли ишланиши натижасида 52,5 мингдан ортиқ оилалардаги 222 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди. Биргина 2024 йил якуни билан вилоятда камбағаллик даражасини 7,6 фоизга қисқартиришга эришилди. Жорий йил якуни билан эса бу кўрсаткични 4,5 фоизга тушириш бўйича аниқ дастур асосида иш олиб борилмоқда.
[gallery-25320]
Наманган вилоятида туризм инфратузилмаси кенгайиб, туристик корхоналар ва жойлаштириш воситалари сони сезиларли даражада ошди. Янги локациялар сони ортиб, ўзига хос ташриф қоғози яратилмоқда. Янгиқўрғон туманининг Нанай ва Поп туманининг Чодак қишлоқларига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди. Халқаро майдонда Наманган брендига айланган “Гуллар фестивали” мазмунан бойлиги, иштирокчилар сони ва ташкилотчилик даражаси билан ҳам тарихда қолмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг таклифи асосида 2018 йилдан буён халқаро миқёсда нишонланаётган фестиваль жорий йилда илк бор 50 кун давом этиб, дунё миқёсидаги муҳим воқеликка айланди. Фестиваль кунларида 8 триллион сўмлик савдо ва хизматлар кўрсатилди, 100 мингга яқин фуқаролар мавсумий иш билан таъминланди. Наманганга 5 миллиондан зиёд турист, шу жумладан, 800 мингдан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Умуман олганда, вилоятнинг биринчи ярим йилликдаги туризм экспорти ҳажми 200 миллион долларга етди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА мухбирлари