Ўзбекистонда нақд чет эл валютасини паспортсиз сотиб олиш лимити оширилиши мумкин
Ўзбекистон Марказий банки нақд чет эл валютасини шахсни тасдиқловчи ҳужжатсиз сотиб олиш лимитини оширишни таклиф қилди. Бу ҳақда регулятор томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган қарор лойиҳасида маълум қилинди.
Лойиҳага кўра, амалдаги 100 АҚШ доллари миқдоридаги лимитни 500 АҚШ долларигача ошириш режалаштирилмоқда. Мазкур ўзгариш амалга оширилса, 500 доллар эквивалентигача бўлган нақд чет эл валютасини сотиб олишда паспорт тақдим этиш талаб этилмаслиги мумкин.
Шу билан бирга, мижозларни тегишли тартибда текшириш чоралари сақланиб қолади. Улар мижоз шахсини идентификация қилиш ва тасдиқлаш, унинг номидан ҳаракат қилаётган шахснинг ваколатларини текширишни ўз ичига олади. Шунингдек, банклар бенефициар мулкдорни аниқлаши, операцияларнинг мақсади ва хусусиятини ўрганиши ҳамда зарур ҳолларда маблағлар манбасини мониторинг қилиб бориши шарт.
Қарор лойиҳасида банк ҳисобварағини очмасдан амалга ошириладиган операциялар бўйича текширув чегараларини ҳам ўзгартириш назарда тутилган. Ҳозирда бундай текширувлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараварига тенг ёки ундан юқори суммада (тахминан 206 млн сўм) амалга оширилади. Лойиҳада мазкур чегарани 175 миллион сўм миқдорида қатъий белгилаш таклиф этилмоқда.
Марказий банкнинг тушунтириш хатида таъкидланишича, ушбу ўзгаришлар аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган. Шунингдек, тегишли текширув чегаралари FATF — Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар кўриш гуруҳининг 10-тавсияси талабларига мувофиқлаштирилмоқда.
Мазкур тавсияларга кўра, бир марталик операциялар бўйича текширув учун чегара 15 минг АҚШ долларини ташкил этади. Айни пайтда амалдаги чегара (тахминан 16,9 минг доллар) ушбу меъёрдан юқори ҳисобланади. Шу муносабат билан, чегаравий суммани 175 миллион сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.
Таъкидланишича, мазкур қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан сўнг якуний шаклга келтирилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА